Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ишига баҳо берилди
14:10 / 2023-08-30

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги оралиқ мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда етакчи хорижий инвестиция компаниялари, дипломатик миссиялар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этди.  

Ўзбекистонда инвестиция фаолиятини амалга ошириш жараёнидаги амалий жиҳатлар муҳокама қилинган тадбир доирасида жаҳон бозорида рўй бераётган тенденция ва йўналишлар ҳам таҳлил қилинди. Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатга баҳо берилди.  

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Aлкис Дракинос, шунингдек, Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва “PwC Uzbekistan” вакиллари Ўзбекистон инвестиция муҳитини изчил яхшилаб бориш, тизимли таҳлил натижаси асосида сармоядорлар учун янги имтиёз, преференциялар жорий қилиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кучайтириш, жамиятда инвестор ва тадбиркорлар манфаати юқори даражада ҳурмат қилинадиган ўзаро муносабат маданиятини шакллантиришга қатъий интилаётганини тасдиқлашди.  

Кўплаб ривожланаётган мамлакатларда инвестиция танқислиги даражаси ортиб бораётган бир пайтда, республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, инвестиция муҳити, илғор савдо сиёсати мамлакатимизнинг истиқболли сармоядорлар учун жозибадор манзил сифатидаги мақомини янада оширмоқда.  

Йиғилиш давомида инвестиция қонунчилигини такомиллаштириш, хусусийлаштириш жараёнини фаоллаштириш, давлат-хусусий шериклигини рағбатлантириш, “яшил” иқтисодиёт ташаббусини янада илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатни кучайтириш зарурлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.  

Шунингдек, Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш бўйича иш фаоллашгани, бу ҳам жаҳон стандарти ва халқаро ҳамкорлик этикасига содиқлик рамзи экани қайд этилди.  

Ташқи сиёсатнинг очиқлиги, савдо имтиёзи фаол жорий этилиши Ўзбекистон диверсификациялашган ва барқарор иқтисодий концепцияни ҳаётга татбиқ этаётган мамлакат сифатида тан олинишига ҳисса қўшаётгани эътироф этилди.  

Сессия давомида “Инвестициялар тўғрисида”ги қонуннинг амалий жиҳати, солиқ маъмурчилигидаги ижобий янгиликлар, инвесторлар билан ишлаш бўйича “Ягона электрон дарча” платформасини жорий этиш масалалари ҳам кўтарилди. “Тошкент” халқаро молия маркази лойиҳаси тақдим этилди.  

ЎзА