Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишбилармонлик муҳити индикаторининг динамикаси
11:49 / 2023-10-27

Жорий йилнинг сентябрь ойида ишбилармонлик муҳитидаги энг сезиларли салбий ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида қайд этилди. Шу билан бирга, саноат сектори яхшиланишни кўрсатди.

2023 йил сентябрь ойида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази корхоналар ўртасида ўтказиладиган кенг кўламли сўров асосида ҳисоблаб чиқиладиган ишбилармонлик муҳити кўрсаткичи ўтган ойдаги кўрсаткичларга нисбатан пасайди.

Бизнес узоқ муддатли тенденциянинг табиий даражасига қайтмоқда. Агар август ойида ишбилармонлик муҳитининг йиғма кўрсаткичи 65 пунктдан 55 пунктгача, яъни 10 пунктга тез пасайишни кўрсатган бўлса, сентябрь ойида пасайиш суръати секинлашди ва йиғма кўрсаткич атиги 2 пунктга тушиб, 53 пунктни ташкил этди, бу эса мамлакатдаги вазиятни ижобий баҳолаш мумкин деганидир.

Сентябрь ойида ишбилармонлик муҳити йиғма кўрсаткичининг пасайишига қишлоқ хўжалиги тармоқларидаги динамиканинг минус 13 пунктга ва қурилишда 11 пунктга пасайиши сезиларли даражада таъсир кўрсатди.

Аксинча, саноат соҳасидаги ишбилармонлик муҳити кўрсаткичи ой давомида сезиларли даражада 13 пунктга ошди, хизмат кўрсатиш соҳасида эса 2 пунктга бир оз пасайиш кузатилди.

Бир ой давомида бизнеснинг ҳозирги ҳолати 8 пунктга ошиб, 46 пунктни ташкил этди, бу қурилиш соҳасида 22 пунктга, саноатда 17 пунктга ва хизмат кўрсатиш соҳасида 12 пунктга жорий ҳолат сезиларли даражада яхшилангани билан изоҳланади.

Бизнеснинг ҳозирги ҳолатини “яхши” деб белгилаган респондентларнинг улуши 45 фоизни ташкил этган бўлса, “ёмон” деб баҳолаган респондентларнинг улуши 13 фоизни ташкил этди. Корхоналарнинг 23 фоизи ўз ходимлари сонини кўпайтирди, 46 фоизи эса талабнинг ўсишини қайд этди.

Бизнес кутилмалари кетма-кет иккинчи ойдан бери бир оз ёмонлашиб бормоқда.

Келгуси 3 ойда ривожланиш истиқболлари бўйича бизнес кутилмалари тахминлари 13 пунктга пасайиб, 61 пунктга тушди, бу асосан қурилиш соҳасидаги тадбиркорларнинг салбий баҳолари билан боғлиқ бўлиб, бу ерда оптимизм ой давомида 46 қийматга тушди. Талаб ва бандлик бўйича тахминларни баҳолашда мувозанат юқори даражада қолмоқда.

Бир оз пасайишга қарамай, сентябрь ойида кейинги 3 ой ичида бизнесни яхшилашни кутаётган тадбиркорларнинг улуши 69 фоизни ташкил этди.

Умуман олганда, жорий ҳолат кўрсаткичлари ва кутилаётган тахминлар ўртасидаги боғлиқлик келгуси 3 ойда ҳам иқтисодий ривожланишдаги ижобий тенденция давом этишини англатади.

Сентябрь ойида тўсиқларга дуч келган тадбиркорларнинг улуши 2 фоиз пунктга бироз ошиб, 48 фоизга етди. Тадбиркорлар энг долзарб муаммолар сифатида молиялаштириш ва ер олишдаги қийинчиликлар, солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ муаммолар, электр таъминоти ва солиқ ставкаларининг юқорилигини кўрсатмоқда.

Саноат, қурилиш, шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги корхоналарнинг ҳисоб-китобларига кўра, молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар кўпайган. Қишлоқ хўжалиги вакиллари ер олиш билан боғлиқ муаммолар ҳақида кўпроқ ташвишлана бошладилар.

Шу билан бирга, саноат секторида электр энергияси таъминотидаги тўсиқлар камайганини ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги корхоналар солиқ маъмуриятчилиги муаммоларининг қисқарганини қайд этди.

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА