Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишбилармонлик фаоллиги индекси сезиларли даражада ортди
12:04 / 2025-08-19

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) 2025 йил июль ойида 1159 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 15,9 фоизга ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 14,3 фоизга сезиларли даражада ортган.

Ишбилармонлик фаоллиги индекси июнь ойига нисбатан 15,9 фоизга ортиб, 1159 бирликни ташкил этиши, қуйидаги компонентлар даражасидаги ўзгаришларга боғлиқ бўлган:

– хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақаларидаги операциялар сони 3 фоизга ортган;

– товар-хом ашё биржасида хом ашё сотиб олиш жадаллиги 33,2 фоизга ошган;

– фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент мўтадил даражада қолди;

– товар белгилари бўйича компонент 51 фоизга ортган.

2025 йил июль ойида Ишбилармонлик фаоллиги индексининг 11 та ҳудудда ўтган ойга нисбатан ўсиши кузатилган. Жумладан, Бухоро, Сурхондарё, Наманган ва Самарқанд вилоятларида сезиларли даражада ўсиш кузатилган.

Бироқ Ишбилармонлик фаоллиги индекси Хоразм, Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилоятида камайган.  

Июль ойида банклараро тўлов операциялари сони 6 501,8 минг тани ташкил этди ва 2025 йилнинг июнь ойига нисбатан 192,4 минг транзакцияга ортган.

Республиканинг 14 та ҳудудида юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан ошган. Хусусан, Сирдарё, Андижон, Жиззах ва Бухоро вилоятида сезиларли ўсиш кузатилган.

ИФИнинг биржа компоненти 1,3320 бирликни ташкил этди. Бу эса, ушбу компонентнинг ўтган ойга нисбатан 33,2 фоизга ортганини англатиб, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарларнинг ўртача ҳажми 38,2 фоизга ва тузилган битимлар сони 28,2 фоизга ошганлиги билан изоҳланади.

Республика товар-хом ашё биржасида товарлар савдосининг умумий айланмаси ҳажми 2025 йил июль ойида 6 656,6 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 2,8 фоизга ортган.

Фаолият юритаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 2025 йил июль ойида 1,0000 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан мўтадил даражада қолган.

Барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони ўтган ойга (489 600 бирлик) нисбатан 1 016 бирликка камайиб, 488 584 бирликни ташкил этган.

Ҳисобот даврида, кичик корхоналар сони 393 359 тадан 392 415 тага камайган. Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 92 292 тадан 92 198 тагача камайган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 3 971 тани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 22 тага ортган.

2025 йил июль ойида савдо белгилари муҳофазаси бўйича индекс 1,5097 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 51 фоизга ортган. Юридик шахслар томонидан 468 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.  

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА