French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишбилармонлар янги лойиҳалар бошлаш арафасида
16:23 / 2025-11-13

Тошкент вилояти мезбонлик қилаётган “Чегарасиз ҳамкорлик” шиори остидаги халқаро “Great Silk Road Business Cooperation Forum – 2025” бизнес-форуми кўтаринки руҳда давом этмоқда. Кун тартибига кўра, тадбир доирасида ўтказилган соҳавий панеллар тадбиркорлар учун аниқ бизнес йўналишлар бўйича фикр алмашиш имконини яратди.

Улар орасида саноат ва энергетика – қўшма ишлаб чиқариш ва “яшил энергия” лойиҳалари, агросаноат ва озиқ-овқат хавфсизлиги – агротехнопарклар, қайта ишлаш ва экспорт занжирлари, транспорт ва логистика – трансмиллий йўналишлар ва минтақавий савдони жадаллаштириш, IT ва FinTech – рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ва молиявий интеграция каби йўналишлар иштирокчилар учун манфаатли бўлди. Мазкур жараёнлар ҳақида иштирокчиларнинг фикрлари билан қизиқдик. 

Йилмаз Окуклу, “Турк савдо маркази” савдо уйи раҳбари: (Озарбайжон) 

– Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари нафақат қардош халқлар, балки йил сайин бир-бирига иқтисодий истиқболли шерик бўлмоқда. Бу икки давлат раҳбарларининг ҳамкорликда олиб бораётган оқилона сиёсати натижасидир. Бунинг натижасида ўзбек тадбиркорларининг Озарбайжондаги бозорларга ҳам маҳсулот экспорти ва бизнес алоқалари кенгайди. Икки томонлама манфаатли шартномалар қилиняпти. Биргина мисол сифатида жорий йил июль ойида Боку шаҳрида “Турк савдо маркази” савдо уйида “Made in Uzbekistan” бренди остида доимий фаолият юритадиган шоу-рум очилди. 1 минг 500 метр майдонда иш бошлаган ушбу ташаббус орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электротехника, чарм маҳсулотлари, қурилиш ва мебель жиҳозлари намойиш этилмоқда. Эндиликда Марказий Осиёда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Туркия ва Европа давлатларига етказиб бериш билан ҳам шуғулланамиз. Бугунги форум доирасида тадбиркорларга шу имкониятларимизни таклиф қиляпман. 

Ҳикматулло Насруллоев, “Realsoft” масъулияти чекланган жамият директори: (Ўзбекистон) 

– Йигирма тўрт йилдан бери IT соҳасида иш олиб борамиз. 300 нафардан ортиқ ходимларимиз бор ва ҳозирги кунда 7 та давлатда филиаллар фаолият олиб бормоқда. Авваллари тадбиркорлик йўналишидаги лойиҳа ва маҳсулотларни хориж давлатларида кўп бор тақдимот қилган бўлсак ҳам кутилганидек натижаларга эришмагандик. Мазкур форум бу борада биз каби тадбиркорларга янги имкониятларни тақдим этяпти. Масалан, мамлакатларнинг ҳамкорлик фондлари борлигидан бехабар эдик. Ундан унумли фойдаланиш орқали юқори натижаларга эришиш мумкин. Қўшни мамлакатларнинг Савдо-саноат палаталари масъуллари маҳаллий бозорларга киритиш ва инвестицион ҳамкорликни амалга ошириш учун ўзлари кенг шароит ва имкониятларни таклиф қиляпти. Биз Канада, Европа ва бошқа океанорти давлатларида ишни ташкил қилиб, уларнинг ҳаёт тарзи ва дунёқараши бошқача бўлгани учун бироз қийналардик. Бироқ тушуниб етдикки, халқаро миқёсда иш бошлаш учун қўшни давлатларда ҳам қулайликлар кўп экин. Уларнинг қадриятлари, маданияти бизга яқин. Шу туфайли мамлакатимизда муваффақиятли ишлаётган лойиҳаларни ҳамкорларга таклиф қиляпмиз. Ишонаманки, бу келгусида ўзининг ижобий натижасини беради. 

Калыгул Салиев, Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро арбитраж суди арбитри, адвокат: (Қирғиз Республикаси) 

– Мазкур форум қўшни давлатлар тадбиркорларини бирлаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Биз Қирғиз тадбиркорларига юридик ва консалтинг хизматларини кўрсатамиз. Охирги пайтларда бу йўналишлар ҳам яхши ривожланяпти. Сабаби, инвестиция лойиҳаларининг ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатлари пухта бўлса якунда кутилган натижага эришиш мумкин. Бундан ташқари, мамлакатимизда йирик Қорасув бозори бор. У Хитой ва Ўзбекистон давлатлари ўртасида ўзаро товарлар сотилишида қулай манзилдир. Биз айнан шу манзилда тадбиркорларга ишни тўғри ташкил этишга кўмаклашишмиз мумкин. Бугунги форум доирасида ҳам биз билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлганларга ўз таклифларимизни тақдим этамиз.

[gallery-26230]

Форумнинг иккинчи кунида иштирокчилар учун B2B ва B2G форматидаги музокаралар, инновацион лойиҳалар тақдимотлари, ҳамда “Invest in Uzbekistan” махсус сессияси ташкил этилади. Унда иштирокчилар мамлакатдаги сармоявий муҳит, эркин иқтисодий зоналар имкониятлари ва давлат томонидан яратилаётган имтиёзлар билан танишади.

Якунда эса бир қатор амалий келишувлар ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши кутилмоқда. 

А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.