Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга, томорқадан даромад олиш усулларини ўрганишга қизиқишини орттиришга кўмаклашмоқда.
O’zLiDeP Сирдарё вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан ўтказилаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг маҳаллалар босқичида Сирдарё туманида истиқомат қилаётган аёллар уюшқоқлик билан қатнашди.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан Ёшлик маҳалласидан Маҳфуза Назархонова ва Муҳтабар Алиева, Элобод маҳалласидан Малика Муродова ва Муҳаббат Исломова ҳамда Ёшлик маҳалласидан Зуҳра Кучиева ғолиб деб топилди.
– Гулчилик ниҳоятда нозик касб. Ушбу иш билан шуғулланишни истаганлар соҳанинг ўзига хос жиҳатларини пухта ўзлаштириши, ҳар бир гулга ўзгача парвариш билан қараши муҳим, – дейди Сирдарё туманидаги Ёшлик маҳалласида истиқомат қилувчи Маҳфуза Назархонова. – 7 йилдирки, гулчилик билан шуғулланиб келаман. Ҳозиргача 30 нафардан зиёд қишлоқдошларимга гулчилик сирларини ўргатдим.
Танлов сўнггида ғолиблар O’zLiDeP Сирдарё вилоят ва туман кенгашларининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири