Бугун ўзбек аёллари нафақат оилада, балки давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасида, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида, тадбиркорлик ва кичик бизнес соҳасида ҳам фаоллик кўрсатиб келмоқда. Бу мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бизнес салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар натижасидир. Хотин-қизларга имтиёзли кредитлар, грантлар тақдим этилаётгани, таълим ва маслаҳат дастурлари орқали уларнинг тадбиркорлиги кенг қўллаб-қувватланаётгани эътиборга молик.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда шаҳарларда хусусий фирмаларнинг 15 фоизи, қишлоқ ҳудудларида эса 7 фоизи аёллар раҳбарлигида фаолият юритмоқда, якка тартибдаги тадбиркорлар орасида хотин-қизлар улуши 40 фоизга яқинлашган.

19 ноябрь — Халқаро тадбиркор аёллар куни муносабати билан O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Ишбилармон аёллар” республика форуми ўтказилди. Форумда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ғолиблари, тадбиркор хотин-қизлар иштирок этди.
Тадбирда партия ташаббуси билан 2016 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” республика кўрик-танловининг амалий натижалари сарҳисоб қилинди. Таъкидланганидек, 10 йилдан буён ташкил қилиб келинаётган мазкур лойиҳа доирасида 60 мингдан ортиқ хотин-қизлар қамраб олинди, 20 мингга яқин тадбиркор ва фермер аёллар ўз маҳсулотлари билан кўргазмаларда иштирок этди. Мазкур форум хотин-қизларнинг иқтисодий салоҳиятини кучайтириш, бизнес юритишдаги муаммо ва таклифларини муҳокама қилиш, уларни сиёсий жараёнларга янада фаол жалб этишга хизмат қиладиган мулоқот майдони бўлди.

Форумда қайд этилганидек, ушбу лойиҳа хотин-қизларнинг иқтисодиёт ва жамиятдаги ўрни ҳамда нуфузини янада ошириш, уларнинг муаммо ва ташаббусларини эшитиш, янги ҳамкорлик платформаларини яратишга хизмат қилади. Тадбирлар доирасидаги очиқ мулоқотлар ва амалий муҳокамалар эса мамлакатда аёллар тадбиркорлигига кўмак беришнинг янги йўналиш ва ечимларини ишлаб чиқишда муҳим омил бўлади.
Лойиҳа доирасида иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган етакчи тадбиркор аёллар ўз тажрибалари, муваффақиятлари ва инновацион ёндашувлари билан иштирокчиларга маҳорат дарслари ўтказди. Тадбиркорликнинг турли йўналишлари бўйича амалий таклиф ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА