Навоий шаҳридаги «Маънавият ва маърифат маркази»да «Ишбилармон аёл» республика кўрик-танловининг Навоий вилоят босқичи ғолиблари аниқланди.
ЎзЛиДеП Навоий вилояти «Аёллар қаноти» томонидан уюштирилган мазкур тадбирда турли соҳаларда иш юритаётган илғор тадбиркор хотин-қизлар иштирок этиб, очиқ осмон остида фаолиятларига доир кўргазмалар ташкил қилишди.
Иштирокчилар 10 га яқин шартлар асосида ўзларининг билим, малака ва кўникмаларини синовдан ўтказди. Шунингдек, «Мустақиллик туфайли мулкдор бўлдим», «Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида менинг фикрим», «Замонавий тадбиркор аёл имижи қандай бўлади?» каби мавзуларда ўз фикр ва мулоҳазаларини ўртага ташлашиб, бир-бирлари билан маънавий жиҳатдан ҳам куч синашди.
Республика миқёсида бир неча йиллардан буён ташкил этилиб келинаётган ушбу кўрик-танлов мақсадига кўра ҳудудларда хотин-қизлар ўртасида оилавий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини рағбатлантириш, мамлакат иқтисодиётида хотин-қизлар иштирокидаги хусусий сектор улуши ва аҳамиятини ошириш, тадбиркорлик ривожида аёлларнинг иштирокини янада кучайтиришни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларда фермерлик ва тадбиркорликни ривожлантиришдаги илғор тажрибаларни жамиятда оммалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Кўрик-танловда миллий ҳунармандчилик йўналишида каштачилик билан шуғулланиб келаётган ғозғонлик М. Норбоева фахрли биринчи ўринни эгаллади. Оилавий корхонага асос солиб, 50 нафар кишининг бандлигини таъминлаган ишбилармон аёл қўшни Афғонистон республикасига маҳсулот экспорт қилади.
2-ўрин соҳибаси «Ванғози Ҳумо» МЧЖ раҳбари Ш. Самадова ҳам Россия давлати билан бизнес ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, айни пайтда 40 дан ошиқ ишчини ўзи бошқараётган текстиль фабрикасида иш билан таъминлаган.
Шунингдек, ҳакамлар ҳайъати томонидан туя жунидан шифобахш гилам тўқиётган учқудуқлик С.Эшқувватова ҳамда ўзига хос Нурота каштачилиги билан шуғулланаётган М. Самиевалар 3-ўринга лойиқ деб топилди.
Қизғин баҳс ва мунозаралар билан якун топган «Ишбилармон аёл» танловининг тақдирлаш босқичи айниқса, қизиқарли ўтди. Вилоятда меҳмон бўлиб турган таниқли ўзбек шоираси Зулфия Мўминова , Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гавҳар Зокирова ҳамда бир гуруҳ театр ва кино актёрлари ҳам тадбирда иштирок этишиб, танлов ғолибларини аниқлашда ёрдамларини аямади.
Турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган аёлларга фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари айнан халқ севган санъат ва маданият ходимлари томонидан тақдим этилди.

Салоҳияти, тадбиркорлигининг кенг қамровлилиги, шу билан бирга, давлат ва жамият сиёсатидаги фаоллиги ҳисобга олиниб танланган уч нафар иштирокчи «Ишбилармон аёл» кўрик-танловининг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
М.Пирнафасова,
ЎзЛиДеП Навоий вилояти матбуот котиби