English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ғолиблари аниқланди (+видео)
16:50 / 2025-08-14

Нукус шаҳридаги касбий кўникмалар марказида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг иқтисодий-ижтимоий фаоллигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликдаги иштироки ҳамда жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбирда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Абдулло Аслонов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Шарап Отемисов, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Сағиндиқ Турманов иштирокчиларни мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги байрами муносабати билан қутлаб, юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга, айниқса, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муҳим ташаббуслар ва амалий ишларга тўхталишди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган тадбирда халқ депутатлари шаҳар, туман ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, O‘zLiDePнинг бошланғич партия ташкилотларидаги фаол хотин-қизлар, партия масъул ходимлари, тадбиркор ва фермер аёллар, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар–Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси фермерлар кенгаши, касаба уюшмалари Кенгаши ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

[gallery-24763]

Танловда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб деб топилган 17 нафар ишбилармон аёл ўз фаолиятига оид видеоролик ва кўргазмалари билан иштирок этди. Улар орасида миллий кийим брендларини тикиш билан шуғулланаётган цех раҳбарлари, нон маҳсулотларини ишлаб чиқараётган тадбиркорлар, фермерлар, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритаётган илғор аёллар бор эди.

Танлов доирасида ташкил этилган амалий маҳорат дарслари иштирокчилар учун нафақат янги билим олиш, балки уларни кундалик тадбиркорлик амалиётига самарали жорий этишда муҳим қадам бўлди. Мутасаддилар томонидан ўтказилган машғулотларда гўзаллик салонини бошқариш сирлари, микро-зелень етиштириш усуллари ҳақида аниқ ва амалий тавсиялар берилди. Иштирокчилар олган билимлари орқали ўз бизнесларини янги босқичга олиб чиқиш имконига эга бўлишди. 

–Микро-зелень ҳақидаги амалий машғулот мен учун янги йўналиш ҳисобланади. Бу арзон, аммо даромадли бизнес экан. Энди ўз фаолиятимга қўшимча равишда ушбу йўналишни ҳам бошлашни режалаштиряпман. Танлов мен учун фақат танишув ва кўргазма эмас, балки янги ғоялар кони бўлди, – дейди Беруний туманидан фермер Наргиза Қурбониёзова.

Дарҳақиқат, бу каби танловлар аёлларга нафақат ишонч, балки даромад манбаини диверсификация қилиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаш имконини беради. Иштирокчилар маҳорат дарслари уларга янги руҳ, янги ғоя ва амалий билим берганлигини бир овоздан таъкидлашди.

Кўрик-танлов натижаларига кўра, биринчи ўринни Амударё туманидаги нон ва нон маҳсулотлари, сутни қайта ишлаш кичик корхонаси раҳбари, “MF food” ва “Amudaryo Milky Food” бренди асосчиси Дилдора Ҳайитбоева эгаллади. Шунингдек, Хўжайли тумани “Хатча мама” фермер хўжалиги раҳбари Тажибека Маткаримова иккинчи ўринни, Кегейли туманидан миллий кийимлар тикув цехи бошлиғи Гулнур Пердебаева эса учинчи ўринни қўлга киритди.

Танлов ғолиблари ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан ажратилган 6 миллион, 4 миллион ва 2,5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. 

– Ишонч билдириб, қўллаб-қувватлаганликлари учун жуда миннатдорман. Жамоамиз доимо табиий хомашёдан фойдаланган ҳолда сифатли нон ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришга интилади. Ушбу танлов мени корхонани янада ривожлантириш ва ҳудудда янги иш ўринлари яратишга илҳомлантирди. Ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман. – дейди кўрик-танлов ҳудудий босқичи ғолибаси Дилдора Ҳайитбоева.

Танловда “Замонавий ташаббускор аёл”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл”, “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл” ва “Энг фаол, ёш, тадбиркор аёл” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, рағбатлантирилди.

Тадбир Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали томонидан ташкил этилган она Ватан, мустақиллик ва юрт тинчлигини тараннум этувчи концерт дастури билан ўз якунига етди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5rSEeCJzlQY" title="“Ishbilarmon ayol” ko‘rik-tanlovining hududiy bosqichi g‘oliblari aniqlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА