English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ишбилармон аёл – 2022” танлови ғолиблари аниқланди
12:09 / 2022-08-19

Навоий шаҳридаги вилоят Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида “Ишбилармон аёл – 2022” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

2016 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур кўрик-танловнинг жорий йилги туман ва шаҳар босқичида 116 нафар тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёл ўзларининг ишлаб чиқарган маҳсулотлари билан иштирок этди. Уларнинг 14 нафари эса вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган эди. 

Дастлаб иштирокчи аёллар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Ҳамкор ташкилотлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларидан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг ишлари билан яқиндан танишиб, низом асосида баҳолади.

Унда хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўрни яратгани, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб бўйича ўқитган, бандлигини таъминлаган ва ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишида кўмаклашгани, фаолият туридан келиб чиқиб экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатаётган хизматининг сифати ва фаолиятида ҳаётга татбиқ этиб келаётган янги инновацион ғояларига алоҳида эътибор қаратилди. 

[gallery-8394]

– Кўрик-танловда биринчи марта иштирок этишим, – дейди тадбиркор, кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари С.Раҳмонова. – Ҳозирда 3 та давлат хусусий шерикчилиги асосида мактабгача таълим ташкилоти, “Евро мустанг” ун ишлаб чиқариш корхонаси ва “Наргиз диёр” кўп тармоқли фермер хўжалигини бошқариб келмоқдаман. Бугунги танловда мен вилоятнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган тадбиркор, фермер опа-сингилларимизнинг ишларини кўриб, ҳайратландим ва менинг амалга ошираётган ишларим ҳали етарли эмас, деган хулосага келдим. Фаолиятимни янада кенгайтириб, кўп иш ўринлари яратишни мақсад қилдим.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Кармана туманидаги “Ал-Азиз ипаги” ипакчилик кластери раҳбари Жумагул Ражабова 1-, Учқудуқ туманидаги “Шаббона-2019” кўп тармоқли фирмаси раҳбари Зебинисо Шарипова 2- ва Қизилтепа туманидаги “Евро мустанг” МЧЖ раҳбари Сарвиноз Раҳмонова 3-ўринга лойиқ, деб топилди. 

Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. 



А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА