Пойтахтимиздаги Наврўз “Анҳор–Локомотив” маданият ва истироҳат боғида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан “Ишбилармон аёл–2021” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида ташкил этилган тадбирда дастлаб тадбиркор ва фермер аёллар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда тадбиркор, ишбилармон, ҳунарманд, фермер хотин-қизларнинг маҳсулотлари, айниқса, миллий йўналишдаги либослар намойиши кўрик- танлов иштирокчиларида миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, мустақилликка бўлган шукроналик ҳиссини уйғотди. Ҳамкор ташкилотлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоларидан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг ишлари билан яқиндан танишиб, адолатли баҳолаб боришди.

–Барча тадбирлар партия “Аёллар қаноти” фаоллари, депутатлар, тажрибали тадбиркорлар иштирокида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилмоқда, –деди ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мавлуда Хўжаева. – Ушбу “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ана шундай партиявий лойиҳалар сирасига киради. Беш йилдан буён ташкил этиб келинаётган мазкур танловда 10 минг нафар, бу йилги туман, шаҳар ва вилоят босқичларида эса 2 минг нафардан зиёд тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёллар ўзларининг ишлаб чиқарган маҳсулотлари билан иштирок этишди. Вилоят босқичида фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган 14 нафар тадбиркор ва фермер аёлларимиз республика босқичигача етиб келди. Шунга кўра, ҳакамлар томонидан ишбилармон аёл мақомига муносиб кўрилган 1, 2, 3 – ўринни олган иштирокчилар ва турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Бухоро вилоятидан “Файз қурилиш моллари” ва “Бухара смесь” МЧЖлари ҳамда “ИНДИГО” ёшлар жамоат фонди раҳбари Дилором Файзиева, Наманган вилоятидан “Маҳбубахон она” кўп тармоқли фермер хўжалиги “ASMUS GOLD” ва “ASMUS TANHO” ишлаб чиқариш кооперативлари ва “Мусохон Асалой Келажаги” МЧЖ раҳбари Моҳидил Исақова, Тошкент шаҳридан 1000 та ишчи ўрни яратган “Ambassador M” корхонаси раҳбари Маъмура Мусирмоновалар муносиб деб топилди.

Тадбир сўнггида ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА