Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иш жойида гендерга асосланган зўравонликнинг долзарб масалалари муҳокама этилди
18:58 / 2025-12-01

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Аёллар ва қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик” мавзусидаги 16 кунлик тарғибот тадбирлари доирасида Тошкентда “Иш жойида гендерга асосланган зўравонлик: назария ва амалиёт” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Семинардан кўзланган  мақсад –  иштирокчиларни иш жойидаги гендерга асосланган зўравонлик (ГАЗ) шакллари ва кўринишлари ҳақидаги хабардорлик даражасини ошириш, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга муносабат билдириш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш орқали хавфсиз ва инклюзив иш муҳитини яратишга ҳисса қўшишдан иборат.

Ушбу тадбир мамлакатимизда гендер тенглигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда меҳнат  жамоаларида хавфсиз ва қўллаб-қувватловчи муҳитни шакллантиришга оид тизимли чора-тадбирларнинг муҳим қисми саналади.

Иш жойида гендерга асосланган зўравонлик психологик босим, камситиш, иқтисодий тўсиқлар, жисмоний тазйиқ ёки каби кўринишда намоён бўлиб, ходимларнинг руҳий барқарорлиги, меҳнат унумдорлиги ва ижтимоий фаоллигига салбий таъсир этиши мумкин. Шу боис мавзунинг долзарблиги ортиб, раҳбарлар, мутасаддилар ва жамоат етакчиларининг гендер масалаларига оид билим ва масъулиятини ошириш тобора аҳамият касб этмоқда.

Семинар-тренинг давомида иштирокчилар гендерга асосланган зўравонлик (ГАЗ) тушунчаси, унинг асосий шакллари ва кўринишлари, шу жумладан иш муҳитидаги мисоллар билан таништирилди. ГАЗнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича миллий ва халқаро илғор тажрибаларни ўрганиш, ГАЗ аломатларини аниқлаш ва самарали муносабат билдириш бўйича амалий кўникмаларни ривожлантириш, жамоадаги раҳбарлар, ҳамкасблар ва институтларнинг гендер жиҳатдан сезгир ва хавфсиз иш муҳитини шакллантиришдаги ролини очиб бериш каби масалаларда билим ва малакалари оширилди.  

Тадбир интерактив методлар, яъни гуруҳли муҳокама, реал вазиятлар (кейс-стади) таҳлили, ролли ўйинлар, савол-жавоблар ва ўзаро фикр алмашиш шаклида ташкил этилиб, иштирокчиларга мавзуни чуқурроқ англаш, амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш ва ўз тажрибаларини бўлишиш имконини берди.

Шунингдек, иш жойида зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, уларга тўғри ҳуқуқий ва ташкилий баҳо бериш, ходимлар учун хавфсиз ҳамда махфий мурожаат каналларини яратиш, психологик-педагогик кўмак хизматларини йўлга қўйиш каби масалалар бўйича амалий тавсиялар берилди.  

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ушбу ҳамкорлик гендерга асосланган зўравонликнинг олдини олиш бўйича халқаро тажрибани маҳаллий амалиётга татбиқ этиш, муассасаларда масъулиятли бошқарув ва хавфсиз меҳнат муҳитини яратиш жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.

Тадбир якунида меҳнат жамоаларида гендер зўравонлигини бартараф этишга доир комплекс механизмларни мустаҳкамлаш, аёллар учун ҳуқуқий ва психологик ёрдам тизимларини такомиллаштириш ҳамда масъул ташкилотлар томонидан тезкор жавоб чораларини кучайтириш юзасидан муҳим тавсиялар ишлаб чиқилди.

Н.Усмонова, ЎзА