Йирик майдалаш цехи Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-гидрометаллургия заводининг энг асосий цехларидан биридир. Бу ерда 1200 миллиметргача бўлган руда 250 миллиметр ҳолатига келгунига қадар майдаланади ва майдалаш цехи бункерларига тақсимланади.
Цехга маъданлар асосан “Довғизтов”, “Омонтойтов” ва “Кокпатас” конларидан етказиб берилади. Рудани қабул қилиш, уни сифатли майдалаш ва бункерларга тақсимлаш унумдорлиги охирги йилларда 2,5 баробарга оширилди. Ишчиларнинг иш шароитлари яхшиланди.
– Йирик майдалаш цехи 1995 йилда ишга туширилган, – дейди цех бошлиғи Эркин Боймуродов. – 1999-2001 йилларда ерости оқова сувларини насос билан тортиб чиқариш ишлари қайта режалаштирилган. 2012 йилда эса ерости оқова сувларини йиғиб, қабул қилиш бункери чанг босгичларга йўналтириш технологияси амалга оширилди ва суткасига 100 метр кубга яқин ичимлик сувининг тежалишига эришилди. Цех ҳудудида “Ёшлар” парки барпо этилган бўлиб, 400 тупга яқин иқлим шароитига мос дарахтлар экилиб, парваришланмоқда.
Цехда ишчи-ходимларга муносиб шароитлар яратиш мақсадида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021 йилда маъмурий бино ва операторлар хонаси, 2022 йилда энергохизмат ва механика хизмати хоналари қайта реконструкция қилинди ҳамда замон талабларига мос таъмирланиб, керакли жиҳозлар билан таъминланди. 2023 йилда ўқув хонаси, 2024 йилда эса нарядлар бериш хонаси фойдаланишга топширилди.
[gallery-23930]
2024 йил чанг-газдан тозалаш ускунасидан чиқадиган чиқинди сувларини қия лентали конвейер чанг босгичларига йўналтириш схемаси амалга оширилди ва йилига 18 минг метр куб ичимлик сувининг тежалишига эришилмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари