Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур
13:27 / 2025-11-18

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигини самарали ташкил этиш, юқори ҳосилдорликка эришиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг асосий омилларидан бири бу соҳани тўлиқ механизациялаштириш ҳамда замонавий агротехнологияларни жорий этишдир.

Шу нуқтаи назардан олганда, Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида фаолият юритаётган “Бахтиёр Абдусаломович” фермер хўжалиги сўнгги йилларда замонавий техника ва инновацион ечимлар асосида ўз фаолиятини янги босқичга кўтарди. 

2006 йилда ташкил этилган мазкур фермер хўжалиги бугунги кунда кўп тармоқли, замонавий ва рақобатбардош хўжалик сифатида тараққий этмоқда. Хўжалик, ўз фаолияти давомида аграр тармоқнинг турли йўналишларини ўзига қамраб олиб, зарур ва етарли моддий-техника базани шакллантиришга эришди. Таъкидлаш жоизки, техника парки самарадорлик гарови бўлиб, деҳқон ва фермерлар учун муҳим ўрин тутади. 

[gallery-26299]

Шу маънода, “Бахтиёр Абдусаломович” фермер хўжалигида қишлоқ хўжалиги техникасига катта эътибор қаратилган. Жумладан, “Case Ih Puma 220 cvx afs” ва “Мтз” туркумидаги бешта трактор экин экиш, ер ҳайдаш, юк ташиш ва бошқа жараёнларни амалга оширади. Бешта экин экиш агрегати ғалла ва пахта экишда юқори аниқлик ва самарадорликни таъминлайди. Битта пахта терим машинаси ўн йил муддатда лизинг асосида харид қилинган бўлиб, меҳнат ресурсларини тежаш ва ҳосилни қисқа фурсатда йиғиш имконини беради. Битта ғалла ўрим комбайни мавсумда ҳосилни тез ва сифатли йиғишга хизмат қилади. Олтита культиватор ва чизелли агрегатлардан эса ер тайёрлаш ва тупроқни қайта ишлашда самарали фойдаланилмоқда. Иккита сув пуркагич ва томчилатиб суғориш жиҳозлари тўплами орқали сув тежовчи технологиялар самарадорлиги ошмоқда. 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фермер хўжаликларини техника билан таъминлаш, лизинг асосида харид қилишдаги қулай шарт-шароитлар қишлоқ меҳнаткашлари учун катта имкониятлар яратди. Хусусан, давлат субсидиялари ва лизинг фоизларининг қисман қопланиши ҳамда бошланғич тўловлар учун имтиёзли кредитлар фермерларга амалий ёрдам бўлди. 

Хусусан, водий вилоятларидаги етакчи хўжаликлардан бири ҳисобланган “Бахтиёр Абдусаломович” фермер хўжалиги техника кўмагида нафақат ўз ҳосилини йиғиб олиш, балки атрофдаги хўжаликларга ҳам хизмат кўрсатиш имкониятини бериб, бунинг натижасида 1 миллиард 300 миллион сўм қўшимча даромад олинди. 

Хўжаликда Наманган вилояти Фермерлар Кенгашининг амалий кўмагида замонавий техника ва сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиши натижасида фермер хўжалигида бир қатор юқори кўрсаткичларга эришилди. Масалан, пахта ҳосилдорлиги 60 центнер, ғалла ҳосилдорлиги 85 центнер, сув тежовчи тизимлар жорий этилган майдонларда ҳосилдорлик эса 10-12 центнерга ортиши кузатилди. Қолаверса, техника базаси яхши йўлга қўйилгани сабабли хўжалик атрофдаги фермерларга хизмат кўрсатиш орқали қўшимча даромад олиб, уни хўжалик ривожига йўналтирмоқда. 

“Бахтиёр Абдусаломович” фермер хўжалиги кўп тармоқли фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда, унинг таркибида 50 бош наслли қорамол, 100 қути асалари уяси, 100 тонна юк сақлаш омбори, дала дўкони, 20 кВтлик қуёш панели, ариқ қирғоқларида 2000 бош ўрдак парвариши йўлга қўйилган. Ушбу йўналишлар нафақат ҳосилдан олинадиган даромадни кўпайтириш, балки қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлашга ҳам ҳисса қўшмоқда.

Ишбилармон фермер Бахтиёр Қодиров томонидан амалга оширилаётган эътиборга молик амалий ишлар натижаларидан шуни англаш мумкин, замонавий агротехнологиялар ва техника билан таъминланган ҳар қайси фермер хўжалиги нафақат иқтисодий барқарорликни таъминлайди, балки меҳнат унумдорлигини оширади ҳамда қишлоқ шароитида замонавий ишлаб чиқариш маданиятини ҳам шакллантиради. 

– Бугунги фермер кечаги фермер эмас. У ҳозирги замонавий технологиялардан унумли фойдаланса, бу унинг барқарор ривожланишининг кафолатидир, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати Бахтиёр Қодиров. – Энг асосийси, Президентимиз томонидан яратилган ғамхўрлик ва қулай имкониятларни дилдан ҳис этиб, меҳнат қилган ҳар бир фермер юқори натижага эришади. Бунга фаолиятимиз давомида охирги йилларда қўлга киритган ютуқлар мисол бўлади. 

Наманган вилояти пахтакорлари жорий йилда давлатга пахта сотиш бўйича шартнома режасини ортиғи билан бажарди. Қабул пунктларига 214,2 минг тоннадан зиёд қимматли саноат хомашёси етказиб берилди. Бу борада вилоятдаги пешқадам ва илғор хўжаликлар қаторида “Бахтиёр Абдусаломович” фермер хўжалигининг ҳиссаси борлигини эътироф этиш жоиз. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.