Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур
14:52 / 2025-07-18

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини яхшилаш, маънан эскирган компьютерларни янгиларига алмаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Самарқанд вилоятидаги 135 та умумтаълим мактабларига ҳам замонавий компьютер техникалари берилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ажратилган техникаларни мактабларга тантанали жўнатиш тадбирида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А. Бобоев сўзга чиқди. Техника тараққиёти даврида ёшлар таълим-тарбиясида замонавий ёндашувлар зарурлиги таъкидланди. Шу асосда ўқитувчилар ҳам ўз устида ишлаб, ёш авлод тарбиясида самарадорликни оширишга интилишлари зарурлиги, ўқувчиларни ўз иқтидор ва интилишларини рўёбга чиқаришга имкон қадар шароит яратишга, қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратишлари зарурлиги қайд этилди.

[gallery-24368]

– Президентимизнинг 2022 йил 11 майдаги “Мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан ҳар йили республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан умумий ўрта таълим мактабларини замонавий компьютер техникаси ва бошқа воситалар билан таъминлаб бориш белгиланган, – дейди Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси АКТни жорий этиш ва рақамлаштириш шуъбаси бошлиғи Муродилло Ёқубов. – Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида республика бюджети маблағлари ҳисобидан мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан вилоятимиздаги 135 та мактабга замонавий компьютер синфлари ва 9 та мактабгача таълим ташкилотига электрон доска ва компьютерлар ҳамда 723 дона планшет қурилмалари берилмоқда. Мактаблардаги замонавий компьютер синфларида 11 номдаги жиҳозлар, яъни ўқувчи ва ўқитувчиларга 16 дона компьютер, принтер,  кондиционер ва бошқа техникалар ажратилди.  

Тадбир доирасида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев туман ва шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари раҳбарлари билан мулоқот қилиб, таълимни ривожлантириш, соҳада самарадорликни ошириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган жиҳатлар юзасидан фикр алмашди. Тизимда юксак самараларга эришиш учун тавсиялар берди.

Ғ. Ҳасанов,  

А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари