Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иш ҳақини ололмаётган фуқаро, фирибгарга учраган шахс чемпионатга йўлланмаси бору маблағи йўқ спортчилар оммавий қабулларда...
18:29 / 2022-08-19

Президент Халқ қабулхоналарининг Тошкент вилоятидаги бу галги қабулларида ҳам Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Халқ таълими, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, турли соҳаларга оид йигирмага яқин республика идоралари ва ташкилотлари ҳар бир мурожаатни синчиклаб ўрганмоқда.

Масалан, Чиноз тумани Олмазор қўрғонида фаолият юритаётган “Pronto Textile Group” тўқимачилик корхонасида ҳар йили ўртача 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Аммо буюртмачи ташкилотлардан бири шартномага кўра 15 фоиз тўловни олдиндан амалга ошириб, маҳсулотни тўлиқ олса-да, 600 млн. сўмни бермай юрган экан. Корхона директори ўринбосари Рустам Раҳматов қабулда Бош прокуратура масъулларидан айни шу масалани ҳал қилишда амалий ёрдам сўрагач, муаммога ҳам ечим топилди.

Чинозлик Озода Раҳимова хонадонидан сартарошхона очишни ният қилгану, сармояси йўқлигидан қийин вазиятга тушиб қолган экан. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси масъуллари билан мулоқотлардан сўнг аёлга бизнес режасини амалга ошириши учун субсидия ажратиладиган бўлди.

Мулоқотлар майдонига ўтган галги оммавий қабулларда масалалари ҳал қилинган фуқаролар миннатдорлик билдириш учун ҳам келган. Сирдарёлик Шаҳодат Сарибоева ўтган йили қўни-қўшнилари билан Чиноз туманидаги кластерлардан бирида ғўза чопиқ қилиб, иш ҳақини ололмагач, худди шундай қабулда шикоят билан келган эди. Мурожаатдан сўнг прокуратура органлари уларнинг жами 24 кишига иш ҳақлари ундириб берилди.

Янгийўллик Миролим Фозилов бир танишидан мулк сотиб олмоқчи бўлиб, анчагина пул берган, сўнг келишув барбод бўлиб, ҳам мулксиз, ҳам пулсиз қолган. Фирибгарга алданганини билгач, Ички ишлар вазирлиги масъулларига мурожаат қилган. Шу тариқа унинг маблағи тўлиқ қайтарилди.

Чинозлик Феруза Йўлчиева турмуш ўртоғи ва қайнотаси вафот этгач, ёшгина боласи билан ёлғиз қолган. Таъмирга муҳтож уй-жойини эплолмай, шундай қабулларда амалий ёрдам сўрагач, 2-сектор кўмагида ички имкониятлар ҳисобидан унинг уй-жойи таъмирлаб берилди.

ИҚТИСОДИЙ-ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАР...

Қабуллар давомида кўплаб иқтисодий-ижтимоий масалаларга ҳам ечим топилди. Дейлик, Чиноз тумани «Йўлтушган» маҳалласида яшовчи Бахтиёр Аҳмедов маҳалладаги 362 та хонадонни ичимлик суви билан таъминлашда амалий ёрдам сўради. Ўрганишлар бу борада дастур асосида лойиҳа тайёрланганини, фақат молиялаш масаласи ҳал қилинмаганини кўрсатди. Вилоят ҳокимлиги тез орада мазкур лойиҳани молиялаштирадиган, пировардида 362 та хонадон оби-ҳаёт билан таъминланадиган бўлди.

Чиноз тумани Олмазор қўрғонида яшовчи Матлуба Ғаффорова мурожаатидан сўнг Автомобиль йўллари қўмитаси вилоят бошқармаси мазкур ҳудуддаги ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлаги қуриш масалаларини ҳал қилиб берадиган бўлди.

Чинозлик опа-сингил Рухшона ва Гуласал Ҳамидуллаевалар яқинда Италия давлатида таэквандо бўйича ўтказиладиган Жаҳон чемпионатига йўлланма олишган, бироқ халқаро мусобақага боришга моддий имкон топа олмаётган экан. Мурожаатдан сўнг вилоят ҳокимлиги опа-сингилларнинг бу борадаги сафар харажатлари учун маблағ ажратадиган бўлди.

Мурожаатлар асосида ўртачирчиқлик Дилноза Худойберганова тумандаги «Шодлик» мактабгача таълим ташкилотига тарбиячи бўлиб ишга қабул қилинган бўлса, оғир ижтимоий аҳволдаги талаба Дурдона Ғуломовага янги ўқув йили учун контракт пуллари тўлаб бериладиган бўлди.

Худди шундай мулоқотлар асносида бир неча йилдан буён тос суяги емирилишидан азият чекиб келаётган чинозлик Абдурасул Эшмуродовга жарроҳлик амалиёти ўтказиши ва соғайиши учун вилоят ҳокимлиги бепул амалий ёрдам кўрсатадиган бўлди.

Чинозлик оғир ижтимоий аҳволдаги Фотима Искараеванинг мурожаатидан сўнг эса Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси унинг туғма юрак нуқсони билан туғилган икки яшар қизи Шукронани даволатишни ўз зиммасига олди. Шу ерда уч томонмала шартнома тузилиб, Шукронанинг юрак жарроҳлик амалиёти учун зарур бўлган 33 миллион сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг алоҳида топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Чиноз ва Ўртачирчиқ туманларидаги оммавий қабулларида 406 та масала кўриб чиқилди, уларнинг 81 таси жойида ҳал қилинган бўлса, 85 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, 240 та мурожаат бўйича эса аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА