Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иш ҳақи ва таътил пуллари ундириб берилди
17:16 / 2026-02-17

Гулистон туман адлия бўлими томонидан фуқаро Ш. М. нинг ойлик иш ҳақи ҳамда меҳнат таътили учун тўланиши лозим бўлган маблағлар берилмаётгани ҳақидаги мурожаати белгиланган тартибда кўриб чиқилди ва ҳуқуқий жиҳатдан ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, Ш. М. 2025 йил апрель ойида Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги умумий ўрта таълим мактабига тарих ва тарбия фани ўқитувчиси лавозимига ишга қабул қилинган. Мактаб маъмурияти томонидан юритилган иш вақтини ҳисобга олиш табелларида унинг ишга чиққан кунлари тўлиқ қайд этилган. Бироқ амалда ходимга ҳисобланган ойлик иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда тўлаб берилмагани аниқланди.

Шунингдек, ўқитувчига берилган йиллик меҳнат таътили учун қонунчиликда белгиланган тартибда таътил пуллари ҳам ажратилмагани маълум бўлди. Ҳолат меҳнат шартномаси, буйруқлар ва бошқа расмий ҳужжатлар асосида ўз тасдиғини топди.

–  Меҳнат қонунчилигига кўра, иш берувчи молиявий аҳволидан қатъи назар, ходимга бажарган меҳнати учун ҳақ тўлашни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириши шарт, –  дейди Гулистон туман адлия бўлими бошлиғи Фарҳод Сиддиқов. –  Ходимнинг иш ҳақини кечиктириш ёки тўлиқ бермаслик унинг конституциявий меҳнат ҳуқуқларини бузиш ҳисобланади.

Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан адлия бўлими томонидан фуқаро манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга даъво аризаси киритилди. Суд иш материалларини атрофлича кўриб чиқиб, Ш. М. фойдасига туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳисобидан 4 040 290 сўм миқдорида иш ҳақи ва тегишли тўловларни ундириш ҳақида ҳал қилув қарорини қабул қилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири