Иш ҳақи ундириб берилди
Гулистон туман спорт мактаби ўқитувчиси А.Т. Сирдарё вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилиб, муассаса томонидан ноябрь ва декабрь ойларига ҳисобланган иш ҳақи тўлаб берилмаётганини билдирди ва бу масалада амалий ёрдам сўради.
Адлия бошқармаси томонидан ўрганиш олиб борилди ва ҳақиқатдан ҳам фуқаро А.Т.га тегишли бўлган мазкур ойлардаги иш ҳақи тўланмагани аниқланди.
Меҳнат кодексининг 253-моддасига кўра, ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки муассаса ички ҳужжатларида кўрсатилиши лозим. Агар бу ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, меҳнат шартномасида белгиланган муддатларга мувофиқ иш ҳақи тўланиши шарт. Шунингдек, иш ҳақи ҳар ярим ойда камида бир марта тўланиши лозим.
Мазкур ҳолат юзасидан муаммони ижобий ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида Сирдарё вилоят спорт бошқармасига тақдимнома киритилди. Бу чоралар натижасида фуқаро А.Т.га ноябрь ва декабрь ойлари учун 6 миллион 700 минг сўм миқдоридаги иш ҳақи ундириб берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири