English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иш ҳақи бўйича гендер тафовутини бартараф этиш глобал бойликни 160 триллион долларга оширади
16:50 / 2022-09-21

Маълумотларга қараганда, пандемиядан кейинги даврда, бутун дунё бўйлаб мисли кўрилмаган даражада кўп аёллар ўз иши, даромади ва касб мартабаларидан айрилган. Бутун дунё бўйлаб ҳали ҳамон аёлларнинг кўникмалари, тажрибаси ва натижаларидан фойдаланиш даражаси жуда ҳам паст.

Аслида, аёлларнинг меҳнат бозори ва иқтисодиётдаги иштироки иқтисодиёт ва тадбиркорликнинг ўсишига ёрдам беради. Жаҳон банки маълумотларига кўра, фақат иш ҳақи бўйича гендер тафовутини бартараф этиш глобал бойликни 160 триллион долларга оширади. Хотин-қизларни иқтисодимизга тўлиқ интеграциялаш янада кўпроқ самара беради.

Пойтахтимиздаги «Hilton» меҳмонхонасида бўлиб ўтган “Аёлларнинг савдодаги ўрни: Марказий Осиёда тўсиқлар, имкониятлар ва илғор тажрибалар” мавзусида иккинчи аёллар минтақавий саммити ана шулар ҳақида сўз борди.

Саммит АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва АҚШнинг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) билан ҳамкорликда ўтказилди.

Саммитда Марказий Осиё мамлакатларидан 100дан ортиқ ишбилармон аёллар, бизнес вакилалари, фаоллар, ишбилармон аёллар уюшмалари, давлат идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилалари иштирок этди. Унда Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётнинг барча тармоқларига, хусусан, савдо ва божхона фаолиятларига гендер масалаларини қандай қилиб янада яхши интеграция қилиш бўйича ҳамкорлик қилиш масалаларини кўриб чиқилди.

Саммитда сўзга чиққан USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит иштирокчиларни қутлаб, Aмерика Қўшма Штатлари ҳам аёллар ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш ғояси тарафдори эканлигини қайд этди. Давлат ва жамият трансформацияси, ривожланиши учун хотин-қизларга сармоя киритиш зарурдир. Аёлларнинг ҳар жиҳатдан ривожланиши, оилалар фаровонлигига, маҳаллалар ободлиги ва мамлакатлар тараққий этишига замин яратади.

Тадбирда “Глобал савдода электрон тижоратнинг ўрни: ривожланаётган мамлакатларда аёллар электрон тижоратдан қандай фойдаланиши мумкин?”, “Жорий геосиёсий ўзгаришларнинг глобал савдо ва таъминот занжирига таъсири” каби мавзулар муҳокама қилинди. Шунингдек, “Логистика ва транспортда аёллар” (WiLAT) дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилиши афзалликлари ҳамда таъминот занжирлари, ҳаво транспорти ва глобал савдо масалалари бўйича жорий геосиёсий ўзгаришларга ҳам тўхталиб ўтилди.

– Маълумки, аёлларнинг иқтисодиётдаги иштироки иқтисодиёт ва бизнеснинг ўсишига ёрдам беради, дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит. – Шу боис АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлигида (USAID) биз гендер тенглиги ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш нафақат тараққиётнинг бир қисми, балки унинг ўзаги, деб ҳисоблаймиз.

Бугунги саммит гендер масалаларини Марказий Осиё иқтисодиётининг барча тармоқларига, хусусан, савдо ва божхона соҳаларига жорий этишдан иборат. Бу саммитни USAID 2017-йилдан буён Ўзбекистонда иқтисодий соҳадаги аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб бораётган кўплаб ташаббуслардан бири дейиш мумкин. Қолаверса, ташкилотимиз мамлакатингиздаги қишлоқ аёлларига малакали ишчи ва тадбиркор сифатида иқтисодиётда иштирок этиши учун зарур бўлган кўникмаларни бериш орқали уларни қўллаб-қувватловчи амалдаги дастурга 2,4 миллион доллар маблағ ажратди. Бундан ташқари, рақамлаштириш ва электрон тижоратда гендер фарқини бартараф этиш орқали аёлларни қўллаб-қувватлайди.

USAID томонидан қўллаб-қувватланадиган яна бир лойиҳа “Tumaris.Tech” лойиҳаси орқали 200 дан ортиқ ёш аёллар АКТ бўйича тренингдан ўтди, уларнинг 30 дан ортиғи ўз бизнесини йўлга қўйиш учун сармоявий маблағ олди. Саммит бир нечта сессияларда ўз ишини давом эттирди.

Хусусан, алоқа ўрнатиш сессиясида ишбилармон аёллар уюшмалари ва тадбиркор аёлларга бир-биридан ўрганиш, профессионал тармоқларни ривожлантириш, минтақавий алоқалар ўрнатиш, фикр алмашиш ҳамда ўз маҳорат ва қобилиятларидан юқори даражада фойдаланишлари учун имконият яратилди. Ушбу чора-тадбирлар етакчи ишбилармон аёллар уюшмалари ўртасида минтақавий ҳамкорликни таъминлайди.

Шу билан бирга, улар ўртасида умумий қарашларни ишлаб чиқиш орқали Марказий Осиёда гендер тенглиги ва инклюзияга эришиш йўлида ўзаро ҳамжиҳат бўлиб фаолият юритишга замин яратади.

Гўзал Сатторова, ЎзА