Мамлакатимизда ўзбек тилини давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш бўйича бир нечта ҳуқуқий асослар яратилди.
Хўш, улар қандай асослар? Тилимиз ривожи бўйича қандай ишлар амалга оширилдию, галдаги муҳим вазифалар қайсилар?
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоновдан шу ва бошқа саволларимизга жавоб олдик.
—Кейинги йилларда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ҳамда илм, бадиият, давлатлараро, минтақалараро мулоқот тилини ривожлантириш бўйича ҳуқуқий асослар яратилди, — дейди И.Султонов. — Ҳуқуқий асоссиз давлат тилини ривожлантириш учун керак бўладиган ижтимоий механизмларнинг ишлаши қийин кечади.
Ҳуқуқий асослар – Президентнинг давлат даражасидаги фармон ҳамда қарорлари, қонун ва қонуности ҳужжатлар ҳисобланади.
— Ўзбекистонда давлат тилида иш юритилишига тўлиқ ўтилди, деб айта оласизми?
—Айрим корхона ёки ташкилотларни назарда тутмасак, ҳозирги кунда Ўзбекистонда давлат тилида иш юритилишига тўлиқ ўтилди.
Аксарият ҳолларда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритиляпти. Келиб тушадиган ҳужжатлар, вазирлик ёки ташкилотлардан чиқадиган, ҳаттоки халқаро ҳужжатларнинг ҳаммаси ўзбек тилида.
—Ўзбек тилини ривожлантириш учун яна қандай ишлар амалга оширилиши керак деб ҳисоблайсиз?
—Тилимизни янада ривожлантириш учун бугунги кунда тадқиқотлар керак. Олимларимиз кўпдан бери муҳим аҳамиятли деб қараб келмаган тил соҳаларида катта кўламларда тадқиқотлар олиб борилиши зарур.
– Тадқиқот олиб боришда қайси жиҳатларга эътибор бериш керак?
–Масалан, шевашунослик соҳаси. Ўзбекистонда мавжуд бўлган шевалар ўзбек тилининг сўз хазинаси, бойлиги. Бугунги кунгача баъзи бир ҳудудларнинг шеваларини ўз ичига жамлаган китоблар чиққан. Бу айрим фидойи олимларимиз меҳнати эвазига, ўзларининг ҳаракатлари билан амалга оширилган бўлса, эндиликда бундай ишларни давлат миқёсида амалга ошириш, ҳаммасини йиғиб, луғатлар ва китоблар ҳолига келтириш учун катта ишлар бошланган.
Ундан ташқари замонавий, яъни ижтимоий, ишлаб чиқариш йўналишларидаги луғатларни давлат кўмаги билан тайёрлаб бориш бўйича ишларни жадаллаштириш кўзда тутиляпти.
Шу билан бирга, географик объектларнинг номланиши масаласи. Ўз вақтида баъзи тарихий номларимиз ўзгариб, бошқа номларга ўтган ҳоллар бўлган. Шу номларни ўз аслига қайтариш, яъни ўзининг тарихий номини тиклаб қўйиш масаласи турибди. Янги қурилаётган объектлар, шаҳарлар, бунёд бўлаётган қишлоқлар бор. Уларга ном бериш масаласида ҳам кўплаб ишлар амалга ошириб келиняпти.
– Галдаги вазифалар хусусида тўхталиб ўтсангиз?
– Ривожлантиришимиз керак бўлган иккита йўналиш бор. Биринчиси, замонавий психолингвистика. Бу йўналишни ривожлантириш учун ёшларимиз устозлари кўмагида янги тадқиқотлар олиб боришлари керак. Иккинчиси, Президентимиз кўп бора таъкидлаб ўтадиган кўп йиллик тарихга эга бўлган тарихимизнинг очилмаган жабҳаларини ўрганиш.
Тарихимизни мукаммал билиш, бўлиб ўтган воқеаларни мушоҳада қилиш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини англаб етиш орқали давлатимизга, тилимизга бўлган эҳтиром, фахр туйғуси ортади, миллий шуур кучайтирилади. Мана шу миллий шуурни кучайтириш учун қилинадиган ишлар кўпроқ олимлар, илм кишиларининг чекига тушмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/McocpD5X1SQ" title="Исажон Султонов: Ўзбек тилини ривожлантириш учун кўпроқ тадқиқотлар керак" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Бу ишларни амалга ошириш учун ҳуқуқий асослар яратиб берилди. Қолган ишларни давом эттириш, амалга ошириш ҳар бир инсон қалбининг туб-тубидан келиб чиқадиган, миллати ва тилига бўлган ҳурматида қолди. Қонунларни бир қанот, халқни иккинчи қанот десак, мана шу иккала қанот битта танага бирлашганидан кейингина тилимиз равнақ топади.
Нигора Раҳмонова,
Боймирза Халилов (видео), ЎзА