Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши туфайли 125 киши вафот этган
14:33 / 2021-12-15

Қиш мавсуми яқинлашгани сари юртимизнинг турли ҳудудларида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўпаяди. Жорий йилнинг 15 декабрига қадар мамлакатимизда ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши туфайли 125 киши вафот этган, 115 киши жабрланган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мурод Содиқов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

Қайд этилишича, мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жами 665 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, уларга тааллуқли идоралар вакилларидан 9 минг 203 нафар ходим жалб этилган. 204 та таъмирлаш-тиклаш отряди ташкил этилиб, бугунги кунга қадар жами 3 миллион 109 минг 162 та якка тартибдаги аҳоли турар жойлари, 35 минг 900 та кўп қаватли уйларда ўрганишлар ўтказилган. Шунга қарамасдан 2021 йилнинг 15 декабрь кунига қадар республикамизда аҳоли орасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ 213 та ҳолат қайд этилган.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш, газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш, иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш, ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш ва ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш каби сабабларга кўра юзага келмоқда.

Мутахассиснинг таъкидлашича, иситиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатлардан яна бири бу газ-ҳаво аралашмаси натижасида чақнаш, портлаш ҳамда ёнғинларнинг содир бўлишидир. Афсуски, бугунги кунда фуқароларимиз томонидан ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик оқибатида бундай ҳолатлар тез-тез учрамоқда.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, айнан қиш мавсумида ўртача ҳар 3 та содир бўлган ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан бўлиб, аянчли оқибатларга олиб келган.

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида 2021 йилнинг 15 ноябридан 15 декабрь кунига қадар республика ҳудудида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ўтказилди. “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” тадбирига жами 8 минг 953 нафар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва тааллуқли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари жалб этилди. Олиб борилган профилактик тадбирлар давомида 12 минг 404 та давлат тасарруфидаги объектларнинг ёнғинга қарши ҳолати текширилди. 376 та тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган объектларда ёнғин-профилактика кўриклари ўтказилди. Текширув ва кўриклар давомида  81 минг 253 та ёнғинга қарши камчиликлар аниқланиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 71 минг 503 тасининг (88 фоизи) бартараф этилишига эришилди.

Таъкидланишича, энг аввало хонадонларга ис газини аниқловчи қурилма ўрнатиш тавсия қилинади. Зеро, қурилмани сотиб олиш ва ўрнатиш харажатлари оила аъзолари, айниқса ёш болаларнинг ҳаётидан қимматга тушмаслиги аниқ.

Шунингдек, хонада газ ҳидини сезган фуқаролар чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан фойдаланмаслиги, дарҳол хонани шамоллатиш чораларини кўриб, бу ҳақда “104” рақами орқали газ хизматига, ёнғин содир бўлган тақдирда, ёнғин-қутқарув хизматининг “101” телефон рақамига хабар бериши лозимлиги талаб этилади.

Ҳар бир инсоннинг огоҳлиги, ўз ҳаёти учун масъулиятни ҳис қилиши   қиш мавсумини беталофат ўтказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА