Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ис газидан ҳимоя чоралари кўриб чиқилди
12:44 / 2025-09-08

Ховос туманида аҳолини ис газидан заҳарланиш, ёнғин, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши каби кўнгилсиз ҳодисалардан асраш, 2025/2026 йиллардаги куз-қиш мавсумини барқарор ва хавфсиз ўтказиш мақсадида кўргазмали семинар ўтказилди.

Тадбирда туман ҳокими Улуғбек Йўлдошев, туман ИИБ бошлиғи Авазбек Тўрақулов, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Унда мавсумни беталафот ўтказиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Семинар давомида Ховос тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг ходимлари махсус ўқув-тактик машғулотлар ўтказиб, мавжуд техник воситаларни намойиш этишди. Шу билан бирга, аҳолининг газ ускуналари ва дудбуронлардан тўғри фойдаланиши, печь ва қозонларда хавфсизлик автоматикаларининг бенуқсон ишлаши, хоналарда газ ҳидининг сезилмаслиги, вентиляция тизимларининг ишончлилиги, газдан ностандарт шланг орқали фойдаланмаслик каби талабларга қатъий амал қилиш зарурлиги уқтирилди.

– Ҳар йили куз-қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилади. Бунинг асосий сабаби  газ ускуналаридан нотўғри фойдаланиш ва хавфсизлик қоидаларига бепарволикдир. Шу боис биз аҳолига доимий равишда тарғибот олиб борамиз. Уйдаги дудбуронлар соф ва ишчи ҳолатда бўлиши, печлар хавфсизлик автоматикаси билан жиҳозлангани, хоналарда газ ҳиди бўлмаслиги — инсон ҳаётини асрайдиган энг оддий қоидалардир. Мен юртдошларимизни бу йилги мавсумни ҳам шундай ҳаётий талабларга амал қилган ҳолда хавфсиз ўтказишга чақираман, – деди туман ФВБ бошлиғи Ҳасан Абдусаматов.

Семинар иштирокчиларидан бири, Ховос тумани фуқароси Темур Қодиров эса ўз таассуротларини қуйдагича баён этди:  

– Ростини айтсам, кўпчилик дудбуронни тозалаш ёки газ ускуналарини текширишни ортиқча деб ҳисоблайди. Лекин бу тадбирда кўрсатилган мисоллардан кейин тушундимки, бундай эҳтиёт чоралари инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Энди хонадондаги печ ва дудбуронларни мунтазам текшириб туришни ўзимга одат қиламан. Бу маълумотлар ҳар бир оила учун жуда керакли экан.

Таъкидланишича, туманнинг 26 та маҳалласида ходимлар ва кўчабошчилар орқали аҳоли ўртасида мунтазам равишда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Семинар якунида куз-қиш мавсумида узлуксиз ва хавфсиз фаолият юритиш билан боғлиқ ташкилотларнинг моддий-техника базаси ҳамда ходимлар малакаси қайта кўрикдан ўтказилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири