Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш учун жойларда тарғиботлар давом этмоқда. Шундай бўлса-да, айрим истеъмолчилар хавфсизлик қоидаларига риоя қилмай, аксинча, ностандарат газ жиҳозларидан фойдаланиб келмоқда. Дудбуронлар тозаланмаган, ачинарлиси, турли буюмлар билан беркитилган ҳолда эътиборсиз қолдирилган.
Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Бухоро вилоятидаги “Шофирконтумангаз” газ таъминоти бўлими ҳамда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими масъуллари ҳудуднинг “Боғиафзал” маҳалла фуқаролар йиғинида тушунтириш ишларини олиб борди. Тадбирлар давомида аҳолининг носоз ёки тозаланмаган дудбурондан фойдаланаётганлиги аниқланди.


– Аслида хавфсизликни таъминлаш ўз қўлимизда. Фуқароларга тарғиботлар давомида хавфсизлик қоидалари ҳақида доим эслатиб ўтамиз. Бугунга қадар туман бўйича мингдан ортиқ истеъмолчи энерготежамкор газ жиҳозини ўрнатган. Тўғри, бу кичик рақам эмас, аммо, хавфсизликни таъминлашда барча бирдек масъул ҳисобланади. Хато ўрнатилган дудбуронлар эса ҳаёт учун жуда хавфли, бу бўйича батафсил йўриқномаларда кўрсатилган, – дейди туман газ таъминоти бўлими масъул ходими Иззат Каромов.


Таъкидлаш лозим, 644 та ёнғинларда электр ускуналари ва иситиш печларидан нотўғри фойдаланиш, ностандарт газ жиҳозларини ишлатиш, очиқ оловдан фойдаланиш сабаб бўлган. Натижада фуқароларнинг моддий зарари 9 миллиард 851 миллиондан ошган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.