Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ис газидан эҳтиёт бўлинг!
12:27 / 2025-10-14

Хавфсизликка эътибор бериш ҳар бир фаслда зарур бўлган амалий жараёнлардан ҳисобланади. Куз фаслининг тенг ярими ортда қолиб, ҳаво ҳарорати секин асталик билан салқинлашиб бормоқда. Бу ўз навбатида фуқароларнинг газга бўлган эҳтиёжи ортиб боришига сабаб бўлади.

Шу ўринда таъкидлаш лозим, баъзи фуқаролар газдан нотўғри фойдаланишади, натижада эса бахтсиз ҳодисалар келиб чиқиши мумкин. Ана шундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун эса жойларда “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали ходимлари томонидан тушунтириш тадбирлари ташкил этилмоқда. Навбатдаги тарғибот тадбири вилоятнинг Бухоро туманида бўлди. 

Бухоро туманнинг Қавола Маҳмуд маҳалласида бўлган ходимлар айрим фуқароларнинг ҳали ҳамон газ жиҳозларидан нотўғри фойдаланиб келаётганлигининг гувоҳи бўлди. Шунингдек, тозаланмаган дудбуронлар, ностандарт газ жиҳозларининг янгисига алмаштирилмаганлиги танқид қилинди, уларнинг салбий оқибатлари ҳақида фикрлар билдирилди.

– Тадбирларимиз давомида жуда кўп истеъмолчиларнинг мавсумга тайёр эмаслигининг гувоҳи бўлдик. Баъзи фуқаролар дудбуронларни тозалашмаган, нотўғри ўрнатилган, таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Иситиш мосламалари эса янгисига алмаштирилмаган. Фуқароларга уларнинг хавфсиз эканлиги ҳақида йўриқномалар берилди. Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчиман, газдан нотўғри фойдаланиш ис газини келтириб чиқаради. Иситиш мавсуми бошланишидан аввал, иситиш печлари ва дудбуронларининг созлиги, қувурларнинг ҳар хил маҳсулотлар билан беркилиб қолмаганлигини кўздан кечириб, дудбурон орқали ҳаво тортиш кучига алоҳида аҳамият қаратиш лозим. Носоз, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик лозим, стандарт талабларга жавоб берадиган мосламалардан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг йўриқномаси билан танишиб, газ ускуналарини резина шланг орқали уламаслик, иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юбормаслик шарт. Агар хонада газ сезилса чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланмай, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўриш керак. Бу ҳақида “104” рақами орқали газ хизматига, ёнғин содир бўлган тақдирда, ёнғин-қутқарув хизматининг “101” телефон рақамига хабар бериш лозим, – дейди газ таъминоти филиали мутахассиси Саодат Бабаева. 

Таҳлиллар натижасига кўра жорий йилнинг 9 ойи давомида 644 та ёнғинлар содир бўлган. Улар электр ускуналари ва иситиш печларидан нотўғри фойдаланиш, ностандарт газ жиҳозларини ишлатиш, очиқ оловдан фойдаланиш сабабли юзага келган. Натижада фуқароларнинг моддий зарари 9 миллиард 851 миллиондан ошган. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.