Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ирригация тизими объектларини молиялаштириш тартиби белгиланди
16:57 / 2025-10-24

Вазирлар Маҳкамасининг Жорий йилнинг 22 октябридаги қарори билан “Бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан қурилиш ва реконструкция ишлари суғориш мавсуми бўлмаган даврда бажариладиган ирригация тизими объектларини молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомда вегетация (суғориш) мавсумида қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш имкони бўлмаган ирригация тизими объектларини танлаб олиш, уларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда молиялаштириш тартиби белгилаб берилган.

Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ, бундай объектларда қурилиш-монтаж ишлари суғориш мавсуми бўлмаган даврда бажарилади.

Молиялаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилади. Қурилишнинг дастлабки икки ойи мобайнида ишлар қийматининг 30 фоизи миқдорида аванс тўлови ажратилади. Ажратилган аванснинг қурилиш муддати мобайнида мутаносиб равишда ушлаб қолиниши ҳисобга олинган ҳолда, бажарилган ишлар қийматининг 95 фоизи ҳар ойда жорий тарзда молиялаштирилади. Пудрат шартномасида назарда тутилган кафолат муддати ўтгандан кейин қолган 5 фоиз маблағ тўлаб берилади.

Агар давлат харидлари натижаларига кўра қурилиш муддати уч ойдан кам бўлса, биринчи ойда объект қийматининг 30 фоизи миқдорида аванс тўлови ажратилади, кейинги тўловлар эса белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА