Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ирригация тармоқлари бетонлаштирилмоқда
15:26 / 2024-01-15

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2023 йилнинг 29 ноябрь куни бўлиб ўтган қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги видеоселектор йиғилишда янги йил Ўзбекистондаги сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди.

Ирригация ва мелиорация тармоқларида иш айни қизиган қишки мавсумда Бухоро вилояти Қоракўл туманида умумий узунлиги 139 километрга тенг ички тармоқ ариқларини бетонлаштириш чора-тадбирлари жадаллик билан олиб борилмоқда.  

–Туманда ички сув тармоқлари умумий узунлиги 1850 километрни ташкил этади, –дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Турғун Бобоқулов. –Шундан жорий йил қишки мавсумда ва эрта баҳорда туманда фаолият юритаётган жами 245 та фермер хўжалиги томонидан бетонлаштириладиган ариқлар узунлиги 139 километрдир.  

Шу кунларда Маллаишайх маҳалласидан ўтувчи “Зиёрат” ариғининг узунлиги 2 километр масофадаги ўзани техника ва қўл кучи ёрдамида тозаланиб, бетонлаштириш ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда.  

Шунингдек, туманнинг Сайёт ҳудудида фаолият юритаётган “Самад Бешим”, “Кумуш калава агро”, Қоракўл ҳудудидаги “Жонибек Абдусалом ўғли”, “Ғофур Раззоқ”, “Фазлиддин Қиличбек”, Човли ҳудудидаги “Латиф Карим барҳаёт”, Маллаишайх ҳудудидаги “Қоракўл Исломжон Раҳмон”, “Миришкор Мирзабек”, “Ҳамро Ҳафиз замини”, Зиёрат ҳудудидаги “Аслиддин обод замини”, “Қувват Рустам Азима”, Қуввача ҳудудидаги “Мулло Қилич бобо”, Жиғачи ҳудудидаги “Жиғачи Омад Тузкон”, “Ойбек Шахобиддин пахтакор” каби фермер хўжаликларида ички хўжаликлараро ариқларни бетонлаштириш ишлари қизғин давом этмоқда.

Бу келгуси деҳқончилик мавсумида экин ерларига “об- ҳаёт”нинг равон ва ортиқча исрофгарчиликсиз етиб боришини таъминлайди.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири