Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ироқлик ишбилармонлар Самарқандда
16:36 / 2026-01-15

Ўзбекистон – Ироқ инвестиция ва бизнес форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Ироқ Иқтисодий кенгаши раиси Иброҳим Мадлул Увайд Маъсудий бошчилигидаги делегация бугун Самарқандга келди.

Самарқанд вилоят ҳокими Адиз Бобоев меҳмонларни кеча пойтахтимизда Ўзбекистон-Ироқ бизнес форуми муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаб, Самарқанд вилояти ҳам ушбу давлат минтақалари ва ироқлик тадбиркорлар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.  

Учрашувда қарийб 40 миллион аҳолига эга Ироқ давлати деярли барча турдаги тайёр маҳсулотлар, озиқ-овқат, мураккаб қурилиш материалларигача бўлган товарларни импорт ҳисобидан қоплаши, мазкур бозорда Ўзбекистон маҳсулотлари ўз муносиб ўрнига эга бўлишига ишонч юқорилиги қайд этилди. Ўтган йил декабр ойида Ироқда ўтказилган дастлабки бизнес форум ана шундай имконият эшикларини очгани таъкидланди.

Иброҳим Мадлул Увайд Маъсудий қадимий Самарқанднинг бой тарихи ва маданий мероси қимматли маълумотларга эгалиги, эндиликда вилоятнинг иқтисодий салоҳиятидан ҳам хабардор бўлаётганини билдириб, саноат ишлаб чиқариши, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳалари, қишлоқ хўжалиги, энергетика ҳамда туризм йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юқори эканлигини қайд этди.  

Учрашувда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмларини ошириш ва етказиб берилаётган маҳсулотлар турини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Айни пайтда ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Ироқдан 150 га яқин тадбиркорлар вилоятдаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари фаолияти билан танишмоқда. Шунингдек, бугун Ироқ ва самарқандлик тадбиркорлар иштирокида бизнес форум ўтказилиши кўзда тутилган.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири