Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ироқда юзага келган қуролли тўқнашувларда қурбонлар кўп экани айтилмоқда
11:25 / 2022-08-30

Ироқ пойтахти Бағдодда шиалар етакчиси Муқтада ас-Садр тарафдорлари билан унинг сиёсий рақиблари саналган қуролли гуруҳлар ўртасида содир бўлган тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони йигирма кишига етди, деб хабар бермоқда "Аль-Жазира" телеканали тиббий манбаларга таяниб.

Аввалроқ "Аль-Арабия" телеканали тўқнашувларда 14 киши қурбон бўлгани ва 300 дан зиёд киши яралангани ҳақида маълум қилган эди.

ОАВ тарқатган маълумотларга кўра, ҳозирда Бағдоднинг “яшил ҳудуди” қисмида ас-Садрга бўйсунувчи "Сарая ас-Салом" ("Тинчлик бўлимлари") бригадаси  ҳамда  шиаларнинг халқ кўнгиллилари тузилмаларидан  иборат "ал-Хашд аш-Шааби"  гуруҳи  ўртасида отишмалар давом этмоқда. Томонлар миномётлар ва оғир пулемётлардан фойдаланаётгани маълум қилинган.  

Ироқ армияси бўлинмалари шаҳардаги хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлаш учун Бағдод кўчаларига олиб чиқилган. Бундан ташқари,  хабарда Ироқ армиясининг икки аскари Бағдодддаги “яшил ҳудудда” ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Аввалроқ Муқтада ас-Садр сиёсий фаолиятини тўхтатганини эълон қилиб, партиясига қарашли барча идоралар ёпилганини маълум қилганди. У ушбу акцияга мамлакат ҳукумати муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказишни  истамаётгани ҳамда парламентда шиаларнинг кенг коалициясини ташкил этиш имконияти йўқлигини сабаб қилиб кўрсатган эди.

Ас-Садр сиёсий фаолиятини тўхтатгани ҳақидаги хабарни эълон қилгандан кейин унинг юзлаб тарафдорлари  Бағдоддаги “яшил ҳудудга” бостириб кирган. Улар, шунингдек, Ироқ ҳукумати қароргоҳи бўлмиш Республика саройини ҳам эгаллаб олган. Бу ерда улар билан тартиб посбонлари ўртасида тўқнашув юз берган.

Кейинроқ Ироқ хавфсизлик кучлари ас-Садр тарафдорлари томонидан эгаллаб олинган Республика саройини ўз назоратига олгани маълум қилинди. Хабарда айтилишича, хавфсизлик кучлари томонидан ўқотар қуроллар ва кўздан ёш оқизувчи газ  ишга солинган. 
Ироқ бош вазири Мустафо ал-Козимий Муқтада ас-Садрга тарафдорларини ҳукумат биноларини тарк этишга чақиришни сўраб мурожаат қилган.

Муқтада ас-Садр душанба куни кечқурун очлик эълон қилган ва Ироқда зўровонликлар тўхтамагунича очликни давом эттиришини маълум қилган.