Бугун Ироқ Республикасида миллий байрам нишонланмоқда. Мамлакатда 1968 йил 17 июль куни инқилоб юз берган, монархия тузуми ағдарилган.
Республика куни ёки инқилоб куни давлат байрамлари сафидан ўрин олган. Ушбу кун июль инқилоби даврида монархиянинг ағдарилгани ва республика ташкил этилганини нишонлаш учун мўлжалланган.
Биламиз, Ироқ давлат сифатида 1920 йилда ташкил топган. 1921 йилда ушбу ҳудуд Ҳошимийлар сулоласидан амир Файсал бошчилигидаги подшоҳлик деб эълон қилинган. Монархия 1958 йилгача давом этган. Бир сўз билан айтганда, инқилоб натижасида мамлакатда монархия тушунчаси йўқолган. Республика куни Ироқда 2005 йил миллий байрам деб эълон қилинган.
Ҳар йили 17 июль куни Ироқда оммавий намойиш ва митинглар бўлиб ўтади. Юришларда ҳарбийлар томонидан тантанавор ва кундалик либосларнинг янги кўриниши намойиш қилинади.
Жаҳон матбуотида эълон қилинган хабарларга кўра, бир неча кун олдин Бағдод кўчалари байрамона қиёфа касб этади. Шаҳардаги муассаса, идора ва ташкилотлар гулчамбарлар билан безатилади.
Мамлакат раҳбари номига сиёсий, жамоат ташкилотлари вакиллари ва давлат раҳбарлари номидан табрикномалар келиши табиий. Давлат ва хусусий секторда янги корхоналарнинг тантанали очилиш маросими айнан шу санага тўғирланади.
Яна бир муҳим маълумот: Давлат шифохоналарида байрам кунлари ўғил болаларнинг суннат тўйлари бепул амалга оширилади, бу мусулмон анъаналарида қўлланиладиган одат сифатида кенг тарқалган.
Аҳолиси 40 миллиондан зиёд бўлган Ироқ иқтисодиёти асосини нефть қазиб олиш ва экспорт қилиш ташкил этади. Соҳада нефть сектори устунлик қилади, бу замонавий даврда валюта тушумларининг қарийб 99,7 фоизини таъминлаган.
Қайд этиш керак, аграр соҳасиинқилобдан кейин жадал ривожланди. 1980 йилга келиб Ироқ Яқин Шарқдаги учинчи йирик иқтисодиётга айланди. Бунга қисман Ироқ ҳукуматининг 1970 йиллар мобайнидаги муваффақиятли саноатлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш ташаббуси сабаб бўлди, дейиш мумкин.
Мамлакат – 1945 йилдан БМТ аъзоси. Ўзбекистон ва Ироқ Республикалари ўртасидаги дипломатик муносабат 1993 йил 19 июнда ўрнатилган.
Ўзбекистон ва Ироқ ўртасидаги ўзаро муносабат сўнгги йилларда яхшиланаётганини қайд этиш зарур. Давлат раҳбарлари икки томонлама манфаатли муносабатни жадал ривожлантиришга астойдил бел боғлашган.
Савдо ҳажмини ошириш, саноатда янги кооперация лойиҳаларини йўлга қўйиш, транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини илгари суриш мақсадида ҳамкорликнинг институционал механизми фаоллашаётгани қувонарли.

Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.
ЎзА