Бугун, 25 октябрь куни Қозоғистоннинг Актау шаҳрида бочча спорт тури бўйича Туркий давлатлар спортчилари ўртасида халқаро турнир бошланди.
Жорий йилнинг 7-14 декабрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида 45 мамлакатнинг 1500 нафарга яқин ёш пара спортчилари иштирок этадиган ёшлар ўртасидаги Параосиё ўйинларига тайёргарликнинг муҳим босқичи саналган Актаудаги халқаро турнирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари муносиб натижаларга эришишни мақсад қилган.

-Бошланаётган халқаро турнир зиммамизга катта масъулият юклайди. Боиси, олдимизда ёшлар ўртасидаги Параосиё ўйинлари бор. Мақсадимиз Қозоғистондаги турнирда яхши натижаларга эришиб, қитъа ўйинларида юқори кўрсаткичларни қайд этиш. Туркий давлатлар спортчилари ўртасидаги халқаро турнирда қатнашаётган Бибинисо Раҳмонова, Ҳусан Расулов, Низомиддин Хайриддинов, Акобир Шамсуддинов каби иродали пара атлетларимиздан умидимиз катта, - дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийи Мирзонаби Тошев.
Мусобақалар 31 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА