Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, фоторассом Ирина Шурнинг "Кўп қиррали Италия" номли шахсий фотокўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Кўргазмада ижодкорнинг 68 та сара асарлари намойиш этилди. Ирина Шур асосан ҳужжатли ва бадиий фотография ўртасида ишлайдиган фотограф. Унинг тасвирлари нафақат шаклни, балки борлиқни ҳам қамраб олади, томошабинни тафаккурга ва ички саёҳатга чорлайди.

Фоторассом мунтазам равишда томошабинларга саёҳат қилиш ва фотография орқали маданиятни ўрганишга бағишланган шахсий кўргазмаларини тақдим этади. Бу сафар унинг фотоҳикояси қаҳрамони цивилизацияларнинг кўп қатламли мамлакати, улуғвор ва инсонларни чексиз илҳомлантирувчи Италия бўлди.

Маълумки, Италия аллақачон санъат, меъморчилик, мусиқа ва ошхона маданияти борасида жаҳон маданий меросининг тимсолига айланиб бўлган. Рассом ўз фото асарларида Италиянинг бой маданий ва тарихий меросини гавдалантирган.

Кўргазма 16 июнга қадар давом этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА