Қайта тикланувчи энергия бўйича халқаро агентликнинг (IRENA) ҳисоб-китобича, инсоният 2030 йилгача қайта тикланувчи энергияга ўтиши учун йилига 5,7 триллион доллар миқдорида инвестиция талаб этилади. IRENA ташкилоти тайёрлаган ҳужжатда шундай дейилмоқда.
Германиянинг ДПА агентлиги мазкур ташкилот тайёрлаган ҳужжатга таяниб маълум қилишича, иқлим бўйича 2015 йилда имзоланган Париж битимида кўрсатилган мақсадларга эришиш учун тахминан шунча маблағ керак бўлар экан.
"Яшил” энергетикага ўтиш ҳали ҳам тўғри йўлдан узоқда. Агар биз яқин йилларда кескин чораларни кўрмасак, иқлим бўйича мақсадларимизга эришиш имконияти оз қолади ёки бутунлай йўқ бўлади", – дея таъкидлайди IRENA бош директори Франческо Ла Камера.
Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергиядан оммавий равишда фойдаланишни кенгайтириш учун энергосамарадорликни ошириш лозимлиги айтилмоқда. Масалан, ушбу мақсадга электромобиллар ва иссиқлик насослари ёрдамида эришиш мумкин. Бундан ташқари, водород, биомассалар ва ис гази сақланадиган ерости омборларидан янада кенгроқ фойдаланиш керак бўлади.
IRENA агентлигининг таъкидлашича, экологик тоза энергияга ўтишнинг кўплаб устунликлари бор бўлиб, 2030 йилгача 85 миллионта янги иш ўрни яратилади. Бу қазиб олинадиган ёқилғи энергиясидан воз кечиш натижасида йўқотиладиган 12 миллионта иш ўрнидан бир неча баробар кўп. Қайта тикланадиган энергия ёрдамида мамлакатлар қазиб олинадиган ёқилғи хомашёларини импорт қилишдан ҳам халос бўлади, дея хулоса чиқаради мазкур агентлик.