Қирғизистонда коронавирусга чалинганларнинг 13 фоизи тиббий ходимлар
Қирғизистонда яна бир коронавирус билан зарарланган бемор 87 ёшли қария Новқат тумани шифохонасида ҳаётдан кўз юмди. Шу тариқа мамлакатда янги вирус оқибатида вафот этганлар сони 5 нафарга етди.
Қирғизистонда яна бир коронавирус билан зарарланган бемор 87 ёшли қария Новқат тумани шифохонасида ҳаётдан кўз юмди. Шу тариқа мамлакатда янги вирус оқибатида вафот этганлар сони 5 нафарга етди. Бу ҳақда ОАВга Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мадемин Каратаев маълум қилган.
Масалан, кеча 18 та янги ҳолат қайд этилган. Улардан 6 нафари Бишкек шаҳри, яна шунчаси Чуй вилояти Кеминск тумани, бир нафардан Аламединск ва Тўқмоқ туманлари фуқароларидир. Жалол-Ободда уч бемор рўйхатга олинган — икки нафари Сузак туманида, бири вилоят марказида. Бир бемор Иссиқ-Кўл вилояти Аксуй туманида аниқланган.
Мамлакат бўйлаб касалланганларнинг умумий сони 298 нафар экани айтилмоқда. Биргина Талас вилояти ҳозирча коронавирусдан холи. Беморларнинг 154 нафари аёл, 144 нафари эркак. Энг кўп ҳолат Ўш вилоятига тегишли — 98 та. Шунингдек, 89 нафар Жалол-Обод, 42 нафар Бишкек шаҳри, 36 нафар Ўш, 15 нафар Чуй, 10 нафар Норин, 5 нафардан Боткен ва Иссиқ-Кўл вилоятлари фуқаролари хасталангани айтилмоқда.
Республика штабидан берилган маълумотга кўра, яна 5 нафар тиббиёт ходими вирус юқтириб олган. Уларнинг тўрт нафари Бишкекдан, бири Чуй вилоятидан. Ҳозиргача оқ халатлилардан ҳаммаси бўлиб 39 нафари коронавирусга чалинди. Бу касалланганларнинг 13 фоизига тенг.
Албатта, 39 кишининг ҳаммаси шифокор эмас, улар орасида касалланганларни даволаган ва улар билан алоқада бўлган ўрта ва кичик тиббий ходимлар, шунингдек беморлар кимлар билан алоқада бўлганлигини аниқлаш мақсадида Қирғизистондаги касаллик ўчоқларига кириб борган эпидемиологлар, Давлат эпидемия назорати мутахассислари ҳам бор.