Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида ўтказилган халқаро илмий-техник анжуман шундай номланди.
Тошкент давлат техника университети, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижлик олимлар, профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар, докторантлар, мустақил изланувчилар, соҳа мутахассислари, магистрант ҳамда бакалавриат талабалари иштирок этди.
Ушбу олийгоҳ илмий котиби Икромжон Раҳмонов қайд этганидек, анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 мартдаги “2022 йилга мўлжалланган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари соҳасидаги илмий-техник анжуманлар режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида ўтказилди.
[gallery-10041]
– Анжуманнинг мақсади электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш ҳамда ундан оқилона фойдаланиш борасида мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва бартараф этишдир. Бунда эса олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, улардан олинган натижалар ва электр энергетикаси соҳаси учун кадрлар тайёрлаш масаласи бўйича тажриба алмашиш муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли, тадбир энергетиканинг жорий ҳолати ва истиқболлари, энергия самарадорлик, энергетика рақамли технологияларнинг қўлланилиши, энергия ва ресурс тежаш, иссиқлик энергетикаси, электр энергетикаси ва сув-энергетика муаммолари, атом энергетикаси, муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергетиканинг экологик муаммолари йўналишларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари муҳокамасига бағишланди. Анжуманнинг бу йилги иштирокчилари сони 150 нафарни ташкил этган бўлиб, уларнинг 20 нафардан ортиғи МДҲ давлатлари ва ҳорижий мамлакатлар иштирокчиларини қамраб олади. Жумладан, Германия, Россия, Қозоғистон, Япония, Беларусь, Жанубий Корея давлатларидан соҳанинг етакчи олимлари илмий маърузалари билан иштирок этгани билан янада эътиборлидир, – деди И.Раҳмонов.
Шунингдек, анжуман ишида Ўзбекистонда атом электр станциясининг қурилиши билан боғлиқ масалалар ҳам ўртага ташланди. Бу йирик лойиҳани амалга ошириш нафақат энергетик ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги фақатгина арзон электр энергияга боғлиқ бўлмасдан, балки саноат корхоналари учун муҳим ҳисобланади. АЭСнинг қурилиши унинг объектларига хизмат қилувчи юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни талаб этишини ҳисобга олиб, мамлакатда таълим сифатининг ошишига ҳам хизмат қилади.
– Энергетиклар олдига 2030 йилга бориб электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 120 миллиард киловатт соатга етказиш вазифаси қўйилган, – деди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Электр энергиясини автоматлаштириш маркази филиали директор ўринбосари Диёрбек Нишонов. – Бу эса бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган 70 миллиард киловатт соатдан икки маротаба кўп демакдир. Бу вазифа атом электр станциясини қуриш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш орқали ечилиши мумкин. Энергетика тизимидаги бу каби ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Президентимизнинг тегишли фармонлари ва қарорлари асосида амалга оширилмоқда.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири