Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодиётнинг барқарор ривожида муҳим соҳа
10:59 / 2021-08-01

Кейинги йилларда юртимизда темир йўл соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Навоий-Учқудуқ-Нукус-Султонувайстоғ”, “Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон” ва “Ангрен-Поп” темир йўлларининг қурилиши мамлакатимизда мустақил, ягона темир йўллар тармоғини шакллантириш имконини яратди.

Навоий вилояти Учқудуқ туманида Темир йўл цехининг тарихи 1959 йилга бориб тақалади. Ўшанда илк ётқизилган бор-йўғи 27 километр темир йўл излари ва 1 та ТЭМ-1 русумли тепловоз бўлган. 1995 йилда эса цехда катта ўзгаришлар рўй берди. Темир йўл цехига маъданлар ва кислота ташиш учун янги вагонлар ва тепловозлар сотиб олинди. Уларга ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар таъминоти анча яхшиланди. Таъмирлаш цехига зарур дастгоҳлар (станоклар) келтириб ўрнатилди.  

– Темир йўл транспорти Шимолий кон бошқармаси ишлаб чиқариш фаолияти учун зарур бўлган хомашё ва тайёр маҳсулотларни ташиб берувчи асосий транспорт бўлинмаси ҳисобланади, – дейди Шимолий кон бошқармаси Ахборот хизмати ходими Лайло Каримова. – 3-ГМЗ учун асосий хомашё бўлган руда Учқудуқдан 150 км. узоқликда жойлашган “Даугизтов” ва 30 км. узоқликда жойлашган “Кокпатас” конларидан вагонларга юкланиб ташиб келтирилади. 

Бунинг учун “Учқудуқ” саноат майдонида 7 та ва “Даугизтов” майдонида 2 та тепловоз узлуксиз ишлаб турибди. Ҳозирги вақтда Темир йўл цехи кенг ва техник жиҳатдан қулайликларга эга бўлган базада жойлашган. Юк кўтариш мосламалари (кранлар) ва тепловозларни ҳаракат қисмларига хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган кузатув пункти доимий ишлаб турибди. Цехда хизмат қилаётган ёш ишчи кадрларнинг асосий қисми олий маълумотли мутахассислар бўлиб, улар ўз малакасини ошириб бориши билан бирга ёш, янги келган ишчиларга ҳам касб сирларини ўргатиб келмоқда.  

Бугунги кунда 366 нафар ишчи-хизматчи қарийб 116,6 км темир йўл, 129 та темир йўл стрелкалари, 18 та темир йўл кесишмаси, 500 дан ортиқ ҳар хил турдаги юк вагонлари, 14 та тепловоз ва бошқа йўл қурилиш механизмларига хизмат кўрсатади.  

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Учқудуқ шаҳри ва Шимолий кон бошқармаси учун темир йўл транспорти орқали 50 дан зиёд турли ҳажмдаги юклар келтирилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинган бўлиб, соҳа ходимлари август ойининг биринчи якшанбасини касб байрами сифатида нишонлайди.

Ушбу соҳа иқтисодиётнинг муҳим қон томири бўлгани каби, унда фаолият юритадиган мутахассислар ўз касбининг усталаридир.

Абдували Бўриев, ЎзА