Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодиётни жамиятнинг танасига қиёслаш ўринли...
12:09 / 2022-01-28

Кўкка бўй чўзган иморатнинг ҳашамати ва кўркамлиги, энг муҳими, мустаҳкамлиги унинг пойдеворига боғлиқ. Тараққиёт стратегиясига эга, таг-замини мустаҳкам бўлган жамият албатта, илм-маърифат ва маънавиятга таянади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 январь куни Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида ҳам худди шу фикр устувор бўлди.

"Маънавият – жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқимиз ҳам, давлатимиз ҳам шунча кучли бўлади", деди давлатимиз раҳбари.

Маънавият масаласи оила, маҳалладан тортиб таълим муассасасию меҳнат жамоа ташкилотларигача бирдек тааллуқлидир. Бу борада давлат раҳбарининг фикри қатъий. "Кимки маънавият масаласи – бу фақат Маънавият ва маърифат маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши деб ўйласа, хато қилади".

Дарҳақиқат, бу менинг ишим эмас, бунинг менга тааллуқли томони йўқ, масъуллик мутасаддиларнинг ўзига хос дейиш лоқайдлик ва бепарволикни келтириб чиқаради. Бу эса масалага панжа орасидан қарашдан бошқа нарса эмас. Тўғри, бир пайтлари айрим идора ва ташкилот раҳбарлари маънавият ва маърифат дейилса, энсаси қотарди. Энлиликда улар маънавият ва маърифат масаласини муқаддас тутиш заруриятини англаб етишди.

Давлатимиз раҳбари Бош вазир сифатида фаолият олиб борган пайтларида ҳам, Президент сифатида иш юритаётган айни дамларда ҳам Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг раиси вазифасини ўз қўлига олганлари бежиз эмас. Шунинг учун ҳам уларнинг маънавиятга "Энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз", дея таъриф берганлари эътиборга молик. Бу эса маънавиятнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш орқали ғафлатдан уйғониш ва ўзгаларни ҳам уйғотишни талаб этади. Ақлан ва виждонан уйғоқ, қалбида оила қайғуси ва ватан туйғуси бор бўлган инсон бунга асло бефарқ бўлмайди.  
Тўғри, иқтисодиётни жамиятнинг танасига қиёслаш ўринли, лекин жон ва руҳсиз тана оддий жасад. Жонсиз жасад эса тириклик белгиси эмас. Ўтган йили 19 январда Президент раислигида ўтган маънавий ва маърифий масалалар тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселекторда ҳам худди шу фикрга урғу қилинганди. Тарғибот ва ташвиқотнинг таъсирчан кучи маънавият мезонларига қурилади.

Куни кеча «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университетига Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири, «ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети Бошқарув Кенгаши раиси Сардор Умрзоқов ташриф буюриш асносида худди шу масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Улар Президентимизнинг узоқни кўзловчи стратег сифатидаги фаолияти ва Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилиши хусусида гапириб «Ҳамма ислоҳотларни, ҳамма ҳаракатларни жамият билан бирга қиламиз», деган даъватларига мувофиқ ўзгаришимиз зарурлигини таъкидлади.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ҳамда «ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети ректори Баҳодир Мирзаев ҳам шу хусусда ўз мулоҳазаларини билдирди.  


Раҳимбой Жуманиёзов

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Миллий тадқиқот университети доценти