English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодиётни ривожлантиришнинг янги модели белгилаб олинди
17:39 / 2026-01-08

Муносабат

Кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз мазмуни ва қамрови жиҳатидан мутлақо янги босқичга чиқди.

Тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард долларга, хорижий инвестициялар 43,1 миллиард долларга, экспорт 33,4 миллиард долларга ва олтин-валюта захиралари 60 миллиард долларга етказилди. Шунингдек, ишсизлик даражаси 4,9 фоизга, камбағаллик даражаси эса 5,8 фоизга қисқартирилди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида 2026 йил ана шу ислоҳотларни чуқурлаштириш, иқтисодиётни ривожлантиришнинг янги моделига ўтиш йили сифатида белгилаб берилди. Бу модель фақат иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини оширишни эмас, балки ўсиш сифатини, аҳоли фаровонлиги ва барқарор тараққиётни таъминлашни мақсад қилади.

Янги иқтисодий моделнинг асосий тамойили иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказишдир. Президент таъкидлаганидек, жаҳон миқёсида рақобат кескин кучайиб бораётган бир шароитда фақат юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқарадиган давлатларгина барқарор ривожланишга эриша олади. Шу боис, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасида илғор технологиялар, рақамли ечимлар, “Тўртинчи саноат инқилоби маркази”ни ташкил қилиш ҳамда “Индустрия 4.0” тамойилларини жорий этиш 2026 йилнинг устувор вазифаси сифатида белгиланди.

Иқтисодий моделнинг иккинчи муҳим устуни инвестиция сиёсатида сифат жиҳатидан янги ёндашувни жорий этишдир. Энди инвестиция ҳажми эмас, балки унинг мазмуни ва самарадорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Ҳар бир жалб қилинаётган сармоя илғор технологиялар трансферига, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга ва юқори даромадли иш ўринлари яратишга хизмат қилиши шарт. Шу мақсадда инвесторлар учун ер ажратиш, инфратузилмага уланиш, рухсатнома олиш жараёнлари тубдан соддалаштирилиб, “ягона дарча” электрон тизими жорий этилади.

2026 йил иқтисодий моделининг яна бир муҳим жиҳати маҳаллани иқтисодий ривожланишнинг фаол субъектига айлантиришдир. “Маҳаллада саноат ва хизмат” тамойили асосида кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, аҳолини маҳалланинг ўзида ишли қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ёндашув иқтисодий ўсишни ҳудудлар кесимида мувозанатли таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ички бозорда талабни рағбатлантириш ҳам янги моделнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Уй-жой қурилиши, ипотека ва истеъмол кредитлари ҳажмини ошириш орқали аҳолининг харид қобилияти янада мустаҳкамланади. Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш, туризм, транспорт ва логистика инфратузилмасини кенгайтириш орқали иқтисодиётда қўшимча қиймат яратадиган янги тармоқлар шакллантирилади. Бу эса иқтисодий ўсишни барқарор ва узоқ муддатли қилади.

Янги иқтисодий модель инсон капиталига таянади. Касбий таълимни тубдан модернизация қилиш, техникум ва олий таълим муассасаларини меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш орқали рақобатбардош кадрлар тайёрлашга устувор аҳамият берилмоқда. Илм-фан, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасига инвестиция киритиш келгуси йилларда иқтисодиётнинг асосий драйверига айланиши кутилмоқда.

Экология ва “яшил” иқтисодиёт тамойиллари ҳам 2026 йил иқтисодий моделининг муҳим йўналиши сифатида белгиланди. Энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш иқтисодий ўсиш билан бир қаторда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлайди.

Хулоса қилиб айтганда, 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг янги модели рақамларга эмас, инсонга, инновацияга ва барқарорликка таянган ҳолда шаклланмоқда. Бу модель мамлакатимизни яқин истиқболда ўртадан юқори даромадли давлатлар қаторига олиб чиқишга хизмат қилади ва Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори бўлади.

 Жамшид ШАРИПОВ,

“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи.

ЎзА