Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодиётда хусусий сектор улуши янада ортади
18:23 / 2025-07-01

Мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби кўчмас мулк объектлари, корхонадаги давлат акция улушларини, ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш, хусусийлаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор улушини ошириш, хусусий мулк дахлсизлиги ва кафолати ҳамда юртимиз иқтисодиётини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 апрелдаги “2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади. 

Мазкур фармонга кўра, жорий йилда мамлакатимиз бўйича 115 та корхонадаги давлат акция пакетлари (улушлари), 659 та кўчмас мулк объекти оммавий савдоларга, шунингдек, 6 минг 100 гектар ер участкалари аукцион савдоларга чиқарилади.

Бундан ташқари, 30 та асосий турдаги фойдали қазилма кон ва участкаларида қазиб олиш учун фойдаланиш ҳуқуқи электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.

2030 йил 1 январга қадар давлат иштирокидаги корхоналарни (мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ корхоналар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) ташкил этишга мораторий жорий қилинади. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан кўчмас мулк сотиб олиш, давлат функциясига ва давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мос бўлмаган корхоналарни ташкил этиш ташаббуси билан чиқишга йўл қўйилмайди. 

Бозорлар ва савдо мажмуалари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштирок этиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади.

Майдони 10 минг квадрат метргача бўлган давлат мулки объектлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартиб асосида юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқарадиган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга тўғридан-тўғри текин фойдаланишга берилади ҳамда шартнома шартлари бажарилган тақдирда ушбу тадбиркорлик субъектларига баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотилади.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкалари, устувор равишда, фаолиятини кенгайтириш истагида ва тайёр лойиҳаси бўлган тадбиркорлик субъектлари таклиф билдирган жойлардан танланади.

Олти ой давомида электрон онлайн аукцион савдоларида ижарага берилмаган объектларнинг бошланғич нархи 50 фоиз пасайтирилган қийматда белгиланади. Бунда, бошланғич нарх пасайтирилганда ҳам ижарага берилмаса, ушбу аукционда бир иштирокчи қатнашган тақдирда ҳам, истисно тариқасида, ўтказилган деб ҳисобланади.

Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари аризаси асосида сотилган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сотишдан тушган маблағларнинг бошланғич нархидан ошган қисмининг 10 фоизи тегишлича Савдо-саноат палатасига ёки ҳоким ёрдамчиларини рағбатлантириш учун тегишли жамғармага ва объект жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинига тенг улушларда ўтказиб берилади.

Жамшидбек Исроилов,

“Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш”АЖ Андижон вилояти ҳудудий вакили.

ЎзА