Қайд этиш керакки, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, молиявий сиёсати самарадорлигини ошириш ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган стратегик вазифаларни амалга оширадиган масъул ташкилот ҳисобланади.
Вазирлик давлат бюджети ва молиявий ресурсларни бошқариш, инвестиция муҳитини яхшилаш, банк-молия тизимини мустаҳкамлаш ҳамда инфляция ва иқтисодий ўсишни тартибга солиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда ва амалга оширмоқда.
Шунингдек, халқаро молиявий институтлар ва инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ҳисса қўшиб келади.
Хўш, вазирликнинг 2024 йилдаги фаолияти сарҳисобида энг муҳим кўрсаткичлар нималардан иборат?
Вазирлик ахборот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, 2024 йилда 15 та халқаро ташкилот билан 19 та шартнома ва битимлар имзоланган. 20 дан ортиқ халқаро ташкилот билан фаол ҳамкорлик олиб борилган.
Шунингдек, 8,9 миллиард АҚШ долларлик 203 та ДХШ лойиҳалари битимлари имзоланиб, жами ДХШ лойиҳалари қиймати 29 миллиард АҚШ долларига етди.
Жамоат транспорти соҳасида “брутто” тизими жорий этилгани боис давлат бюджети ҳисобидан 1,5 триллион сўм маблағ ажратилди. Натижада хизмат кўрсатиш қувватлари 177 фоизга оширилди.

Навоий кон-металлургия комбинати илк бор еврооблигациялар чиқариб, Лондон фонд биржасида 1 миллиард АҚШ долларлик облигацияларни жойлаштирди.
Уй-жой субсидияси учун 20 минг нафар талабгорга субсидия хабарномалари тақдим этилиб, 600 миллиард сўмлик субсидия тўловлари йўналтирилди.
Иқтисодий ўсиш 6,5 фоизни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 115 миллиард АҚШ долларидан ошди.
Жамоатчилик фикри асосида шаклланган лойиҳалар учун 6 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. “Менинг мактабим”, “Менинг боғчам” ва “Менинг боғим” лойиҳалари амалга оширилди.
106 та туман ва шаҳарларда 4 хил йўналишда 136 та мастер-режа ишлаб чиқилиши белгиланиб, қатор ишлар олиб борилмоқда.
Жаҳон банки билан халқаро иссиқхона газлари савдосини йўлга қўйиш бўйича 46 миллион долларлик дунёнинг илк инновацион лойиҳаси амалга оширилмоқда. GIZ билан ҳамкорликда 12 миллион евро грант маблағлари ҳисобидан иқтисодиётда саноатни “яшиллаштириш” лойиҳаси жорий этилди.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 843 триллион сўмдан ошиб, ўсиш суръати 6,9 фоизни ташкил этди. Саноатнинг ЯИМдаги улуши 25,4 фоизга етказилди.
Май ойида илк бор 3 та валютада, умумий қиймати 1,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган суверен халқаро облигациялар жаҳон молия бозорларига жойлаштирилди.
2024 йилнинг 11 ойида 727 триллион сўмлик бозор хизматлари ҳажми яратилиб, кўрсаткич 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 13,3 фоизга ошди. Хизматлар соҳасида 50 мингдан зиёд лойиҳалар ишга туширилиб, 2,1 миллион аҳоли бандлиги таъминланди.
Ҳудудларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида 1 156 та драйв лойиҳа шакллантирилди. Бу борада бюджет параметрларида 1 триллион сўм ажратиш кўзда тутилди.
209 минг нафар талабага таълим кредити ажратиш учун тижорат банкларига 2,1 триллион сўм йўналтирилди. Бу 2023 йилга нисбатан 10 фоизга кўпдир.

2,5 миллион аҳоли ўзини ўзи банд қилиш орқали бизнесга жалб этилди. 17 триллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар учун маблағ йўналтирилди.
Мактабларда қўшимча 230 минг ўқув ўрни яратилди. 178 та тиббиёт муассасасида 10 мингдан ортиқ қатновли ҳамда 15 мингдан ортиқ ўринли бинолар қуриш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди ва жиҳозланди.
372 километр автомобиль йўллари ҳамда 5 318 п/г кўприк ва йўл ўтказгичларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Уй-жой қурилиши ва ипотека дастурлари доирасида кўп қаватли уй-жойлар қуриш ҳажми 100 мингта квартирадан ошди.
Туризм соҳасини ривожлантириш, ҳудудларда туризм салоҳиятини ошириш мақсадида давлат бюджети ҳисобидан 157 миллиард сўм бюджет трансферти ажратилди.
Олтинсиз товарлар ва хизматлар экспорти 16,2 фоизга ошди.
Хулоса ўрнида, вазирлик томонидан 2024 йил давомида иқтисодиёт, ижтимоий соҳалар, инфратузилма ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун бир қанча маблағлар йўналтирилган.
Мазкур маблағлар жамоат транспорти, уй-жой субсидиялари, жамоатчилик фикри асосидаги лойиҳалар, таълим кредитлари, бизнесни ривожлантириш, туризм ва бозор хизматлари, саноат ва иқтисодиётнинг турли йўналишларини молиялаштиришга сарфланган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА