Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳасида илғор тадқиқотлар муҳокама қилинди
15:21 / 2025-09-22

Ҳозирги глобал шароитда иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларидаги илмий изланишлар ва амалий тадқиқотлар мамлакатларнинг барқарор ривожланиши учун муҳим омиллардан бирига айланмоқда. Жаҳон савдосидаги янги тенденциялар, давлат-хусусий шериклик асосидаги инфратузилма лойиҳаларининг кенгайиши, “яшил” иқтисодиётда халқаро ҳамкорлик имкониятлари, шунингдек, саноат ва таълим соҳаларида сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари бугунги кун тадқиқотларида алоҳида аҳамият касб этаётир.

Мазкур жараёнда илмий-назарий асосларни мустаҳкамлаш, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда уларни иқтисодий сиёсатда қўллаш орқали тараққиётга эришиш ҳар бир давлат олдидаги устувор вазифалардан ҳисобланади. 

Шу боис иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳасидаги илғор тадқиқотларни муҳокама қилиш, турли мамлакат олимлари ва экспертлари ўртасида тажриба алмашиш долзарб аҳамиятга эга.

[gallery-25398]

Жаҳон банки ҳамкорлигидаги “Давактив агентлиги тадқиқотлар марказини стратегик ва институционал модернизация қилиш орқали илмий-тадқиқот фаолияти имкониятларини кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш” лойиҳаси ҳам айнан шу мақсадларни кўзда тутади.

Яқинда мазкур лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрида “Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар” мавзусида халқаро симпозиум ташкил этилди.

Тадбирда иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларидаги долзарб масалалар, уларнинг самарали ечимлари, шунингдек, илмий-назарий ва амалий таклифлар муҳокама қилинди. 

Хусусан, симпозиум иштирокчилари жаҳон савдосидаги долзарб тенденциялар ва истиқболлар, давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган инфратузилма лойиҳалари ҳамда Ўзбекистон ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида яшил иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқди.

Шу билан бирга, саноат ва таълим соҳаларида сунъий интеллектдан фойдаланиш тартиблари, миллий ва анъанавий қадриятларни асраб-авайлаш каби қатор мавзулар ҳам муҳокама марказида бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ташаббуси билан ўтказилган мазкур симпозиумда мамлакатимиз олимлари, иқтисодчилар ва амалиётчи мутахассислар билан бир қаторда, хорижий экспертлар ҳам иштирок этди. Улар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар келгусида илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ва иқтисодий сиёсатда ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА