Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодиёт тармоқларида “яшил” технологияларни жорий қилиш замон талаби
10:18 / 2024-07-09

Президент қарорлари – амалда

Ўзбекистон яқин истиқболда “яшил” иқтисодиётга ўтиш учун тегишли режаларга эга давлатлардан бири. Буни шу йўналишдаги ислоҳотлар яхши натижа бераётганида ҳам кўриш мумкин.  

Халқаро молиявий институтлар заминимизда муқобил энергия захираси катта эканини қайд этмоқда. Бу – асосли. Кейинги йилларда “яшил энергетика” соҳасига доир йирик лойиҳалар амалга оширилди. Ушбу лойиҳалар истиқболда мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини уч каррадан зиёдга кўпайтириш имконини беради. Иқтисодиёт равнақи учун бу катта ва муҳим рақам.

Шу ўринда “яшил” иқтисодиётни биргина энергетика соҳаси ривожи билан боғлаш хатолигини таъкидлаш жоиз. Бу катта тушунча. Унга тоза ичимлик суви билан боғлиқ масалалар, озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувлар, барқарор шаҳарлар, ўрмон майдонларини кенгайтириш, чўлланишни камайтириш каби масалаларни ҳал қилиш киради. Бошқача айтганда, “Яшил” иқтисодиёт ривожидан давлат, бизнес ва оддий аҳоли баравар наф кўради.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 июнда “Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтишда миллий шаффофлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда «яшил» иқтисодиётни жадал ривожлантириш, илғор халқаро стандартларга мувофиқ ушбу йўналишда шаффофлик даражасини тубдан оширишга алоҳида эътибор қаратилган. 

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, иқлим ўзгариши бўйича Париж битимида иссиқхона газлари ажратмаларини қисқартириш ва бошқа масалалар бўйича тегишли модда бор.  

Париж битимига мувофиқ, шаффофлик тизими орқали иссиқхона газлари ажратмалари мониторинги натижалари ва ҳисоботларни, шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашиш жараёнларига оид маълумотларни жамоатчилик эътиборига етказиб бориш талаб этилади.

– Бир юз тўқсондан ортиқ мамлакат миллий иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришда иссиқхона газларини камайтириш бўйича келишиб олган, – дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Бобур Валиев. – Бу давлатларда ҳар йили глобал исишни икки даражадан камайтириш вазифалари белгиланган. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 декабрда «2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинганини эслатиб ўтмоқчиман. Бу ҳужжатда миллий миқёсда иссиқхона газлари ажратмаларининг мониторинги, ҳисоботи ва текшируви бўйича шаффофлик – MRV тизимини яратиш вазифаси белгиланган. Бу тизим қандай ишлайди, деган савол туғилиши табиий. Бунда, дастлаб, шу йўналишда мамлакатда олиб борилган ишларни баҳолаш мониторинг қилинади. Тизимнинг иккинчи босқичида эришилган натижалар эълон қилинади. Охирги босқичда ислоҳотлар экспертизадан ўтказилади.

Қисқача айтганда тизим иссиқхона газлари эмиссияси, иқлим ўзгариши таъсирини юмшатиш ва мослаштириш бўйича эришилган ютуқлар тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлигини таъминлайди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз 2018 йил иқлим ўзгариши бўйича Париж битимни ратификация қилган. MRV тизими мазкур битим доирасидаги халқаро мажбуриятларга мувофиқ иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, тегишли чора-тадбирлар ва ҳаракатларни янада самарали баҳолаш ва режалаштириш имконини яратади.

Ўзбекистон Республикасида «яшил» иқтисодиётга ўтишда миллий шаффофлик тизимини жорий этиш концепцияси ишлаб чиқилди. Бунда илғор халқаро стандартлар ва хорижий тажрибалар ўрганилди.

Ҳужжат билан, келгуси йилдан бошлаб ҳар беш йилда Париж битими доирасида иқтисодий ва ижтимоий таъсирни баҳолаш асосида иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш бўйича миллий мажбурият белгиланди. Иқтисодиёт, шу жумладан, саноат тармоқларида иссиқхона газлари ажратмалари қисқартирилишини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш чоралари кўрилмоқда. Иссиқхона газлари ажратмалари қисқартирилишининг миллий реестрини жорий этиш кўзда тутилган.

Жорий йилнинг 1 декабрига қадар миллий шаффофлик тизими онлайн платформаси ишга туширилади. Бу ресурснинг «Яшил» иқтисодиёт онлайн платформасига интеграция қилиниши назарда тутилмоқда. Келгуси йилнинг 1 январига қадар эса тажриба-синов тариқасида муайян соҳа, ҳудуд ва корхоналарда иссиқхона газлари ажратмалари хатловдан ўтказилиши таъминланади.

Бу ислоҳотлар мамлакатимиз иқтисодиётининг узоқ ва истиқболли йўли учун муҳим аҳамиятга эга. Бугун бу ҳаракат, шу йўналишдаги ташаббуслар дунёда долзарблашаётганининг сабаби ҳам шунда.

Ривожланишнинг “яшил” форматини танлаган давлатлар йирик халқаро ташкилотлар, бизнес вакиллари эътиборини тортаётгани ҳам бежиз эмас. Дунёга очилаётганимиз, сармоядорларнинг мамлакатимизда катта лойиҳаларни рўёбга чиқаришни маъқул кўраётгани кейинги йиллардаги ҳаракатлар натижасидир.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА