English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодиёт тараққиётида божхоначиларнинг муносиб ҳиссаси бор
14:12 / 2026-01-26

26 январь –Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни

Самарқанд вилоят божхона бошқармаси 2025 йилда бюджетга тушумни режадаги 3,67 триллион сўм ўрнига 3,85 триллион сўм этиб бажарди. Ўтган йил билан таққосланганда 458,7 миллиард сўм (13,5 фоиз) ўсиш кузатилди.

– Юртимизда тадбиркорлик субъектларини фаол қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар уларнинг божхона билан боғлиқ фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда, – дейди Самарқанд вилоят божхона бошқармаси масъул ходими Ғайрат Сатторов. – Биргина 2025 йилда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 2,98 триллион сўмга яқин имтиёз ва тариф преференциялари қўлланилди. Шу билан бирга, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш тартиблари соддалаштирилиши натижасида тадбиркорлар ўтган йили 615,6 миллиард сўм миқдоридаги божхона тўловларини тўлашда бу имкониятдан фойдаланди.

2025 йилда вилоят божхона бошқармасида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан экспорт 1 миллиард 200,1 миллион АҚШ долларни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 302,5 миллион доллар (33,7 фоиз)га кўпайган. Умумий экспортнинг 36 фоизи (433,7 миллион АҚШ доллари)ни мева-сабзавот маҳсулотлари ташкил этди.

Ўтган йили “Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости орқали ҳаракатланган йўловчилар сони  2024 йилга нисбатан 150 минг нафарга кўпайиб, 1 миллион 510 минг нафардан ошди. “Жартепа” чегара божхона пости орқали ҳаракатланган йўловчилар сони ҳам 2024 йилга нисбатан қарийб 143 минг нафарга кўпайди, автотранспорт воситалари эса 137 мингтани ташкил этди.

Самарқандлик божхоначилар томонидан 2025 йилда аниқланган 2044 та қонунга зид ҳолатда жами 59 миллиард 957,65 миллион сўмлик товар ва транспорт воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бунинг натижасида 1094 та маъмурий ва 59 та жиноят иши қўзғатилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири