Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилади
08:42 / 2024-06-05

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ташкил этилади. 

Бош прокурорга, зарур ҳолларда, Инспекциянинг тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Инспекция фаолияти республика бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Унинг раҳбари мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи ўринбосарига тенглаштирилади.

Инспекцияга Бош прокурор ўринбосари - Департамент бошлиғининг тақдимномасига асосан Бош прокурор томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

Инспекция Бош прокурорга ҳамда Бош прокурор ўринбосари -Департамент бошлиғига бўйсунув ва ҳисобдорлик асосида фаолият кўрсатади.

Инспекция юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга эга бўлади. Ходимлари Инспекция бошлиғининг тақдимномасига асосан Бош прокурор ўринбосари-Департамент бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Инспекцияда хизматни ўташ тартиби Бош прокурор томонидан белгиланади. Бунда ходимларни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этишда Департамент органларига хизматга қабул қилиш ва хизматдан бўшатиш талаблари ва шартлари татбиқ этилади.

ЎзА