Андижон вилояти Божхона бошқармаси томонидан 2025 йил давомида иқтисодий ҳавфсизликни таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи хўжалик ва тадбиркорлик субъектларига сифатли божхона хизматлари кўрсатиш, уларнинг самарали иш юритишларига кўмаклашиш, божхона тартиб-тамойилларига амал қилишларини назорат қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
– Якунланган 2025 йилни бошқармамиз самарали натижалар билан якунлади, – дейди Андижон вилояти божхона бошқармаси бошлиғи, полковник Баҳодир Қутлимуратов. – Жумладан, ўтган йили 2 минг 500 ортиқ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг молиявий ҳолатини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2 триллион 542 миллиард сўмдан ортиқ божхона тўловлари бўйича имтиёз ва преференциялар қўлланилди, 100 дан ортиғига 110 миллиард сўмга яқин божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.
Бундан ташқари, давлат бюджетига 4 триллион 765,4 миллиард сўмдан ортиқ тўловлар ўтказилиб, тушумлар аввалги йилга нисбатан 5 фоизга ёки 178 миллиард сўмга оширилди.
Ўтказилган камерал божхона аудити натижасига кўра, 9 та корхонага расмийлаштирилган божхона юк декларациялари (БЮД) бўйича 623,69 миллион сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, тўлиқ ундиришга эришилди.
Бундан ташқари, Андижон вилоятининг товарлар ташқи савдоси (махсус экспортдан ташқари) 2,8 миллиард долларни ташкил этди. Бунинг ҳисобига давлат бюджетига 4 триллион 766,6 миллиард сўм божхона тўловлари ўтказилиб, тушумлар аввалги йилга нисбатан 4,8 фоизга ёки 179,2 миллиард сўмга оширилди.
Чегара-божхона постларида транспорт воситалари ҳамда фуқароларнинг қўшни давлатларга чиқиши, шунингдек, қўшни республикалар фуқароларининг юртимизга кириб-чиқиши учун зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратилган. Постларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланиши натижасида автотранспорт воситалари ва фуқароларнинг чегара-божхона постларидан ўтиш кўрсаткичлари йил сайин ошиб бормоқда.
Хусусан, ўтган йили вилоятдаги чегара постлари орқали ҳаракатланган юк автотранспорт воситалари сони 239,3 мингтани ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 95 мингтага ошган. Шунингдек, ушбу постлар орқали ўтган йўловчилар сони 9,5 миллион нафарга етиб, аввалги йилга нисбатан 3,03 миллион нафарга кўпайган.
Мамлакатимиз аҳолисининг соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўналишида чегара-божхона постлари орқали мамлакатимиз ҳудудига 81,6 килограмм гиёҳвандлик воситалари, 75,7 килограмм психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар, 1 минг 408 га яқин тақиқланган материаллар, 38 та ўқотар, пневматик ва совуқ қуроллар, 596 миллион сўмлик тамаки маҳсулотининг олиб кирилишига уринишлар ушлаб қолинди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимизга гиёҳвандлик воситалари, психотроп ҳамда кучли таъсир этувчи моддалар, шунингдек, совуқ қуролларнинг ноқонуний олиб кирилишининг олди олингани шунчаки статистик кўрсаткичлар эмас. Бу эса вилоятимиз ва юртимизда яшовчи миллионлаб инсонларнинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда келажагига таҳдид солувчи хавфларни бартараф этишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар самарасидир.

Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш доирасида 6 минг 300 га яқин объектга қуввати 66,4 МВт бўлган қуёш панеллари, 160 дан ортиқ объектга эса 98,7 минг литр ҳажмдаги гелиоколлекторлар ўрнатилиши устидан назорат амалга оширилди.

Бошқарма томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар ижросини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида хўжалик субъектлари ва тадбиркорларга жами 4,4 миллиард доллар миқдоридаги хорижий инвестицияларни ўзлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилди.

Хулоса қилиб айтганда, вилоят божхона бошқармаси томонидан иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, четдан юртимизга кириб келиши мумкин бўлган турли таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган барча зарур чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари