French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодий шаффофлик таъминланади, солиқ тушумлари кўпаяди
15:31 / 2025-12-17

Ўзбекистонда иқтисодиётни рақамлаштириш ва молиявий муносабатларда шаффофликни оширишга қаратилган ислоҳотлар янги босқичга чиқмоқда.

Президентимизнинг жорий йилнинг 10 декабрида қабул қилинган “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ана шу йўналишдаги энг муҳим меъёрий ҳужжатлардан биридир.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, яширин иқтисодиёт давлат бюджети даромадларининг тўлиқ шаклланмаслигига, рақобат муҳитининг бузилишига ва меҳнат муносабатларида ноқонунийликка олиб келаётган асосий омиллардан бири ҳисобланади. Айниқса, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида нақд пул айланмасининг юқорилиги солиқ ҳисоботларини тўлиқ қамраб олишни қийинлаштириб келаётган эди.

Шу боис давлатимиз раҳбарининг ушбу фармонида 2030 йилгача кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини ЯИМга нисбатан 1,3 бараварга қисқартириш ва нақдсиз тўловлар улушини 75 фоизга етказиш устувор мақсад сифатида белгиланди.

Бу кўрсаткичлар мамлакатнинг иқтисодий шаффофлигини ошириш, солиқ тушумларини кўпайтириш ва молиявий операцияларни назорат қилишни мустаҳкамлашга қаратилган.  

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан қатор муҳим тўлов турлари бўйича нақд ҳисоб-китоблар тўлиқ бекор қилиниб, фақат банк карталари ва электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши белгиланмоқда. Улар қаторига давлат хизматлари, коммунал тўловлар, ёқилғи савдоси, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, қиймати 25 млн. сўмдан юқори товар ва хизматлар ҳамда кўчмас мулк ва айрим транспорт воситаларининг олди-сотдиси киритилган.

Кўчмас мулк объектлари (уй‑жой) ва ишлаб чиқарилганига 10 йилдан кам бўлган M, N, O, G тоифали транспорт воситалари (шу жумладан махсус техникалар)ни сотиш ва сотиб олиш кўзда тутилган. Яъни, уй‑жой ва автомобилларни нақд пул билан олди‑сотди қилиш тартиби амалдан чиқади.  

Фармоннинг яна бир муҳим қисми — электрон тўлов инфратузилмасини кенгайтириш 2026 йил 1 январдан барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар учун ягона QR код жорий этилади. 2026 йил 1 июлдан эса ушбу QR код орқали тўловларни қабул қилиш мажбурий қилинади.

Бу тадбирлар электрон тўловларни халқ орасида оммалаштириш ва харидларни рақамли форматга ўтказишда муҳим рол ўйнайди.  

Иқтисодда “яширин иқтисодиёт” улуши камаяди. Сабаби, катта суммадаги тўловлар ҳар доим банк орқали расмий қайд этилади.  Солиқ тушумлари ошади. Чунки, ҳар бир юқори қийматли операция автоматик равишда назоратда бўлади. Рақамли тўловлар тизими инсоний хатолар ва фирибгарлик хавфларини камайтиради.

Эндиликда, фуқаролар нақд пул ўрнига банк карталари, электрон ҳамёнлар ва QR кодлар орқали ишлашга ўтади.  Юридик жиҳатдан барча катта тўловлар тўлиқ банк орқали амалга оширилиши талаб қилинади — бу келишувлар шаффофлигини оширади.  

Ҳужжатда тўловларнинг электрон усулда амалга оширилиши учун банклар ва нотариуслар тизимлари ўртасида электрон маълумот алмашинуви жорий этилиши ҳам назарда тутилган. Тузилган шартнома ёки харид битими нотариусда тасдиқланганида тўлов ҳақидаги маълумот автоматик равишда электрон тизим орқали тўғри ҳужжатлаштирилади.  

Марказий банк маълумотларига кўра, айнан ушбу соҳаларда катта ҳажмдаги нақд пул айланмаси мавжуд бўлиб, уларни рақамли тўловларга ўтказиш солиқ тушумларини ошириш билан бирга, молиявий операцияларнинг кузатувчанлигини таъминлайди.

Фармонда барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар учун ягона QR-код тизимининг жорий этилиши белгиланган. 2026 йил 1 январдан банклар томонидан генерация қилинган ягона QR-код орқали электрон тўловларни қабул қилиш йўлга қўйилади ва 1 июлдан эса бу талаб мажбурий тус олади.

Марказий банк расмий маълумотларига кўра, ягона QR-код тизими тўлов жараёнларини соддалаштиради. Банклараро комиссия харажатларини камайтиради. Кичик ва ўрта бизнес учун тўлов қабул қилиш инфратузилмасини енгиллаштиради.

Фармонда нафақат назоратни кучайтириш, балки тадбиркорлик субъектларини асоссиз аралашувлардан ҳимоя қилиш ҳам кўзда тутилган. Жумладан, 2026 йил 1 июлдан текширувларни боди-камералар орқали ўтказиш тартибининг жорий этилиши назорат жараёнларида шаффофликни оширишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, камерал солиқ текширувларида тадбиркор томонидан тақдим этилган қўшимча ҳужжатларни кўриб чиқиш мажбурий этиб белгиланди. Электрон хизмат кўрсатаётган чет эл компанияларининг солиқ органларида рўйхатдан ўтиш талаби кучайтирилди.

Бу ўзгаришлар аҳоли, шу жумладан тадбиркорлар учун ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлиб, иқтисодий ривожланишни таъминлаш, коррупция ва яширин иқтисодиёт билан курашиш йўлида муҳим қадам бўлди. Зеро, мамлакатимизда иқтисодиётнинг рақамлаштирилиши яширин иқтисодиётни қисқартиришга ва давлат бюджети даромадларини оширишга хизмат қилади.  

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА