Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодий ривожланиш ва халқ фаровонлигининг ҳуқуқий асоси
09:36 / 2023-12-05

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг энг буюк ютуқларидан бири мамлакатда тарихан қисқа муддатда миллий давлатчиликнинг мустақкам пойдевори яратилганидир.

Бинобарин, ҳуқуқий давлатчилик сари интилган ҳар қандай демократик жамиятда Конституция устувор аҳамият касб этади. Бош қомусимиз мамлакатнинг изчил иқтисодий ривожланиши ва халқ фаровонлиги ошишида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Жорий йилда умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган Конституциявий қонун лойиҳасида етук олимлар, жамоатчилик, халқаро ва хорижий экспертлар иштирок этиб, ҳар томонлама таҳлил қилинди ва маромига етказилди. Конституциявий қонунда мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топди.  

Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланди. Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан ҳеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда, давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Янги таҳрирдаги Конституцияда илгариги “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартирилди. Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланди ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилмоқда.

Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, Конституцияда ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эгалиги, қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши, Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмаслиги белгиланди.  

Жиноят процессида инсон ҳуқуқлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда. Хусусан, шахснинг суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”) белгиланди.  

Ушбу ҳуқуқий кафолатлар инсон ҳуқуқларининг муҳофазасини кучайтириш соҳасидаги ишларни мутлақо янги босқичга олиб чиқади ҳамда уларни давлат органларининг суиистеъмолликларидан ишончли ҳимоя қилади, шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

Бугунги Конституциямиз ҳақиқатдан ҳам халқ Конституцияси бўлаяпти. Унда аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, аёллар, нуронийлар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар, хориждаги ватандошларимиз, ҳаттоки маҳкумлар – барча-барчасининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳисобга олинмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституция ҳуқуқий демократик кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш, миллий қонунчилик тизимини шакллантириш ҳамда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Гулнафис Худойбердиева,

Навоий вилоят суди судьяси.

ЎзА