Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодий қудрат ва миллий юксалиш уйғунлиги
18:25 / 2026-02-25

Муносабат

Президентимизнинг АҚШга амалий ташрифидан сўнг, Тошкентга қайтиши билан биринчи навбатда Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказгани, қорақалпоғистонликлар учун юксак фахр бўлди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон нафақат улкан майдон, балки беқиёс қазилма бойликлар хазинасидир. Йиғилишда келтирилган рақамлар минтақамизнинг саноат салоҳиятини тубдан ўзгартириш учун мустаҳкам пойдевор бўла олади. 270 миллион тонна цемент, 256 миллион куб метр пардозбоп тошлар, 200 миллион тонна оҳак ва бошқа кўплаб хомашё захираларининг аниқлангани бу янги саноат инқилобидир.

Сўнгги саккиз йил ичида ҳудуд иқтисодиётининг аҳоли жон бошига ҳажм бўйича энг охирги ўриндан 7-ўринга кўтарилгани, экспортнинг 3,5 баробар ошиб, 2,1 миллиард долларга етгани ислоҳотларнинг амалий натижаси, десак бўлади. Эндиги вазифа келгуси беш йилда иқтисодиётни 102,5 триллион сўмга етказиш ва 7,2 миллиард долларлик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдир.

Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонни инновациялар марказига айлантириш бўйича инқилобий ташаббусларни илгари сурди. Тахиатошда модулли интеллектуал ҳисоблаш маркази, Нукусда автомобиль саноати кластери, Қораўзакда кўмирдан олтин ажратиб олиш фабрикаси каби лойиҳалар минтақамизнинг технологик қиёфасини белгилаб беради.

Айниқса, сунъий интеллект соҳасига беш миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниши, IT университети ва стартап технопаркларининг ташкил этилиши ёшларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади. “Миллий тикланиш” партияси учун илм-фан ва инновация миллий юксалишнинг бош омилидир. Шу боис, Илм-фан ва инновациялар жамғармасидан ажратиладиган 30 миллиард сўмлик маблағнинг мақсадли ишлатилиши устидан депутатлик назорати кучайтирилади.

Йиғилишда белгиланган энг муҳим ижтимоий вазифа жорий йил якунига қадар ишсизликни 4,2 фоизга, камбағалликни эса 3,2 фоизга туширишдир. Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманларини камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, “оғир” тоифадаги Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай туманларида камбағалликни икки баробар қисқартириш бўйича берилган топшириқлар “инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодасидир.

Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг 16 миллион гектар ишлатилмаётган ер ресурсларидан фойдаланиш бўйича янгича ёндашув белгиланди. Сувсизлик ва шўрга чидамли доривор гиёҳлар етиштириш, сунъий интеллект асосида экинларни мониторинг қилиш бу нафақат иқтисодий фойда, балки экологик барқарорликдир. Чорвачилик ва яйловларни ривожлантириш бўйича Вазирлар Кенгаши раисининг алоҳида ўринбосари лавозими жорий этилиши соҳадаги муаммоларни тизимли ҳал этишга имкон беради.

Қорақалпоғистоннинг ноёб табиати ва тарихи жумладан, “Борса келмас” туз кони, Устюртнинг “Марс” манзаралари, Орол денгизи тарихи музейининг модернизация қилиниши ҳудудга 500 минг хорижий сайёҳни жалб қилиш имконини беради. Бу миллий маданиятимиз ва қадриятларимизни жаҳонга танитишнинг энг самарали йўли десак, муболаға қилмаймиз.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар Қорақалпоғистонни янги тараққиёт босқичига олиб чиқади. “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари ва депутатлари, ушбу ислоҳотларнинг ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадонда ўз ифодасини топиши учун масъул. Зеро, мақсадимиз, Қорақалпоғистонни фаровон, иқтисодий қудратли ва инновацион ҳудудга айлантириш. 

Тажибай Романов,

“Миллий тикланиш” демократик партияси

Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгес депутати

ЎзА.