Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлиги масалалари муҳокама қилинди
11:41 / 2025-09-10

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича маъсул сифатида бириктирилган.

Белгиланган вазифа ва топшириқларни амалга ошириш мақсадида бошқарма бошлиғи ўринбосари Н. Назарбаев Мўйноқ туманида бўлиб, тегишли соҳа вакиллари билан учрашув ўтказди.  

Йиғилиш давомида туман миқиёсида ҳаракатсиз ва кам қувватда фаолият юритаётган корхоналар бўйича мониторинг ишлари олиб борилиб, уларни қайта тиклаш ёки тўлиқ қувватда ишлашини йўлга қўйиш, қайта тиклаш имконияти йўқ бўлган корхоналарни эса белгиланган тартибда мувофиқлаштириш ишларини олиб бориш белгиланди. Бундан ташқари, бўш турган хусусий мулк объектлари эгалари билан биргаликда уларнинг фаолиятини юритишга амалий кўмаклашиш борасидаги таклиф ва мулоҳазалар ўрганилди.  

Шу кунгача туман миқёсидаги 251та объект ҳаракатсиз ҳолатда турган бўлиб, тегишли маъсул ходимлар томонидан олиб борилган ишлар натижасида тадбиркорлик субъектларининг 17 таси қайта тикланди, 132 таси ихтиёрий тугатилди. 91та тадбиркорлик субъекти ваколатли ташкилот ходимлари иштирокида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилмоқда.  

Қорақалпоғистон Республикаси аукцион савдо платформасига жами 32 та давлат кўчмас мулк объекти чиқарилган бўлиб, бугунги кун ҳолатига 18 таси сотилди. Қолган 14 та объект қайта онлайн аукцион савдо платформасига қўйилмоқда.

Шунингдек, “Мўйноқни ривожлантириш” масъулияти чекланган жамиятига қарашли иссиқхона, тўқимачилик ва тикувчилик цехлари ҳамда кам қувват билан фаолият юритаётган 21 та саноат ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти, тумандаги саноат корхоналарининг имтиёзли чегирма асосида берилган электр энергияси таъминотининг ҳолати ўрганилди. Мавжуд муаммолар ва уларни ўз вақтида бартараф этиш чоралари кўриб чиқилди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири