Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодий мустақилликдан ижтимоий фаоллик сари
16:34 / 2025-07-23

ФОТОРЕПОРТАЖ

Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида “Беш йиллик сарҳисоб: Иқтисодий мустақилликдан ижтимоий фаоллик сари” мавзуида анжуман ўтказилди. 

Анжуманда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Умида Абдуллаева, вилоят маҳаллаларида “Аёллар дафтари”га киритилган, меҳнатга лаёқатли, ишсиз, касб-ҳунар ўрганиш ёки тадбиркорликка қизиқиш билдирган хотин-қизлар иштирок этди.

Вилоят ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зулхумор Хидирова мамлакатимизда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларни билим ва касбий кўникмаларга эга қилиш, бандлигини таъминлаш, “Аёллар дафтари”ни самарали юритиш ҳамда хотин-қизлар муаммоларини ўрганиб, уларнинг хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Бу борадаги эзгу ишларга алоҳида тўхталди.

[gallery-24430]

Таъкидланганидек, 2021-2024 йилларда «Аёллар дафтари»нинг 5 та босқичига вилоятда ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир ҳамда ёрдамга муҳтож жами 234 минг 228 нафар хотин-қиз киритилиб, уларга 340 миллиард 900 миллион сўмлик амалий ёрдам кўрсатилди. Жорий йилда ҳам дафтарнинг 6-босқичида воҳанинг 70 минг 979 нафар хотин-қизи рўйхатга киритилиб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Тадбирда ҳаётида муваффақият қозонган, касб эгаллаб, ўз ишини йўлга қўйган ва маҳалладаги хотин-қизларга намуна бўла оладиган аёллар иштирокида ташкил этилган “Етакчи аёллар” клуби аъзолари таништириб ўтилди. Клубнинг бош мақсади – иқтидорли ва фаол хотин-қизларни бирлаштириш, улар ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, эндигина иш бошлаётган ёш аёлларга маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатиш орқали ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Анжуман давомида “Аёллар дафтари” орқали ўз салоҳиятини рўёбга чиқарган, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлган, оиласи ва жамият учун фойдали фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Улар энди нафақат ўз ҳаётида, балки маҳалласида, шаҳар ва туман миқёсида ҳам ибратли фаолият намоён этаётган “етакчи аёллар” сифатида кўрилмоқда.

Анжуман якунида фаол иштирокчиларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари топширилди.

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА