Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодий комплекснинг ривожланиши аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил саналади
17:37 / 2024-01-17

Муносабат

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг иккинчи – Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналиши доирасида 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш, хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш ҳамда йиллик инфляцияни 5-6 фоизга тушириш белгиланган.

Шунингдек, миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини кучайтириш ва унинг таркибида қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар улушини, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш, ҳудудларда хизматлар соҳасини, маҳаллий хомашё базасидан самарали фойдаланиш ва илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Албатта, ушбу мақсадларга эришиш аниқ ҳисоб-китобни ва таҳлилни талаб этади. 2023 йилги давлат дастури доирасида иқтисодий тармоқларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, мамлакат иқтисодиётида саноат улушини оширишга қаратилган муайян ишлар амалга оширилди. Натижада, саноатнинг улуши 6 фоизга ошди. Аммо, айрим соҳа ривожига масъул раҳбарларнинг эътиборсизлиги сабаб, ишлаб чиқаришда қўшилган қиймат улуши 40 фоиздан ошмаган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Стратегияда белгиланган мақсадларга эришиш учун ушбу натижаларнинг ўзи етарли эмас. Шу боис, 2024 йилда ялпи ички маҳсулотни камида 6 фоизга кўпайтириб, 100 миллиард долларга етказиш режа қилинган. Белгиланган кўрсаткичларга эришиш эса иқтисодий комплекс масъулларидан қаттиқ интизом ва масъулиятни талаб қилади.

Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида 2024 йилда иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳукумат олдидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.

Даставвал йиғилишда иқтисодий комплексга масъул ходимлар иш фаолияти самарадорлиги таҳлил ва танқид қилиниб, бугунги кунда ушбу комплексда 40 нафар раҳбар ўринбосарлари хизмат олиб бораётганлигига қарамасдан эришилаётган натижалар биз кўзлаган мақсадлардан анча паст эканлиги, шу боис, тизимни қайта кўриб чиқиб, иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар сонини 15 фоизга қисқартириш бўйича таклиф киритиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, ушбу комплексда ўз хизмат вазифасини давом эттирадиган раҳбарлар учун ҳам иш фаолияти ёндашувига бўлган талаб кучайтирилиб, ойлик, чораклик ва йиллик самарадорлик кўрсаткичлари бўйича (KPI) тизими жорий этилиши белгиланди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, сўнгги йилларда халқ билан мулоқот қилиш тизимининг энг қуйи бўғингача туширилганлиги бугун ўз самарасини кўрсатмоқда. Хусусан, ҳар бир ҳудудда амалга оширилиши белгиланаётган режа ва мақсадлар, аввало, ўша ҳудуд фаоллари иштирокида муҳокама қилиниб, ишда қандай ёндашув бўлса иш самарадорлиги юқори бўлиши мукинлигидан келиб чиқиб вазифалар белгиланмоқда. Натижа эса маълум, фуқароларнинг  ҳаётдан розилиги ортиб, амалга оширилаётган ислоҳотларда  дахлдорликларини ҳис қилмоқда.

Шу боис, йиғилишда иқтисодий комплекс раҳбарларининг ҳар бири бир ҳафта муддатда халққа мурожаат қилиб, режаларини оддий тилда тушунтириб бериши, халқ олдида ўзига катта масъулият ва жавобгарлик олиши белгилаб берилди. Шу билан бирга, вазир ўринбосарларининг ҳам 70 фоиз иши туманда бўлиб, улар вазирлик учун белгиланган KPI ижросини жойида ташкил қилиб бориши таъкидланди.

Ислоҳотлар самарадорлигига эришиш борасида “Ҳаракатлар стратегияси” ва “Тараққиёт стратегияси” доирасида тўпланган яна бир тажриба бу – жамоатчилик назорати самарадорлигидир. Эндиликда, иқтисодий комплексда белгиланган режаларга эришиш устидан ҳам қатъий назорат ўрнатилади. Вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботи ҳар ҳафтада Ҳукумат раёсатида, ҳар чоракда эса халқ вакиллари бўлган парламент аъзолари томонидан кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, йиғилишда ушбу йўналишда эътибор қаратилиши лозим бўлган яна бир қатор йўналишлар санаб ўтилди. Жумладан, йирик саноат тармоқларининг солиқ юки камайтирилган бўлса-да, кўп тармоқлар давлатга тушумни таъминлаш ўрнига харажатини ошираётганлиги қайд этилди. Бундан буён саноатда қўллаб-қувватлаш механизмлари биринчи галда юқори қўшилган қиймат яратадиган ва бозори бор маҳсулотлар учун берилиши айтилди.

Иқтисодий комплекс масъулларига 2024 йилда қўшилган қийматни 45 фоиздан ошириш, таннархни 15 фоизга камайтириш, умуман, саноатда 7 фоиз ўсишни таъминлаш бўйича корхонабай чора-тадбир тасдиқлаб, амалга ошириш топширилди. Ушбу чора-тадбирлар эса шунчаки тахминий рақамлар ва хулосаларга таяниб эмас, аниқ таҳлиллар асосида ишлаб чиқилади.

Бунда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳар ойда камида 2 тадан тармоқни таҳлил қилиб, қандай қилиб таннархни камайтириш, қўшилган қиймат ва меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда янги имкониятларни ишга солиш мумкинлигини белгилаб беради.

Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишида бюджет ижроси самарадорлигини таъминлаш ҳам муҳим саналади. 2024 йилда бюджет дефицитини 4 фоиздан оширмаслик белгиланган. 2023 йилда кўплаб давлат корхоналари дивиденд ва солиқ тўловлари бўйича бюджетга 8 триллион сўм тушумни таъминлай олмаган. Мисол учун Сирдарё ва Жиззах вилоятларида солиқ тушумлари 20 фоиз ўсган бўлса, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида бу кўрсаткич 7 фоизга ҳам етмаган.

Бундай ҳолатнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллардан бири бу юридик шахс мақомидаги 18 мингта овқатланиш корхонасидан атиги 2 минг 300 таси ҚҚС тўловчи ҳисобланишидир. Сабаби, улар товар айланмасини 1 миллиард сўмдан оширмаслик учун битта ошхонага 3-4 тадан фирма очган ҳолда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Эндиликда юқоридаги ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш учун маҳалладаги солиқчи, туман солиқ бошлиқлари ва ўринбосарларида кўпроқ вақт ва имконият бўлади. Боиси, 40 мингта бюджет ташкилоти билан ишлаш вазифаси тумандан Солиқ қўмитасида янги ташкил қилинадиган Бюджет ташкилотлари инспекциясига ўтказилади. Ушбу Инспекция тўлиқ рақамлашган бўлади ва Ғазначилик электрон тизимига интеграция қилинади.

Шунингдек, бюджетга солиқ тушумларини ўз вақтида таъминлаш мақсадида қўмита қошида Солиқ қарзини ундириш инспекцияси ташкил этилади. Унга Мажбурий ижро бюросида мавжуд ваколатлар берилади. Бунинг ҳисобига туманлардаги қўшимча 200 нафар солиқчини “маҳаллабай” ишлаш тизимига ўтказиш имкони пайдо бўлади.

Умуман олганда, йиғилишда иқтисодий комплекснинг барча тармоқ ва йўналишлари чуқур таҳлил қилиниб, галдаги аниқ вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, давлат мулкини хусусийлаштириш, ерларни тадбиркорларга аукцион орқали сотиш, яширин иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш каби масалалар таҳлил қилинди.

Ўйлаймизки, белгилаб берилган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши, нафақат мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ривожланиши, қолаверса, халқимиз турмуш фаровонлиги юксалиши, янги иш ўринлари яратилиб, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори кўпайтирилишига ҳамда хотин-қизлар ва нуронийларни, ёрдамга муҳтож инсонларни ўз вақтида қўллаб-қувватлашга улкан иқтисодий замин яратиб беради.

Ушбу ишлар ижроси ва самарадорлигини таъминлаш эса ўз навбатида халқ вакиллари саналмиш парламент ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди.

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА