Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодий ислоҳотлар изчил давом эттирилади
10:07 / 2023-07-18

Ўзбекистон бутун дунё, нуфузли халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар томонидан иқтисодиёти тез суръатда ўсиб бораётган мамлакатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Чиндан ҳам сўнгги йилларда юртимиз – иқтисодиётида кескин ўзгариш бўлган, либераллашган давлатлардан бирига айланди. Аҳоли жон бошига ҳисобланган ялпи ички маҳсулот йил сайин ортмоқда. Хорижий инвестициялар кўлами кенгайиб, тадбиркорларга имтиёз ва имкониятлар яратилмоқда.  

Бу борадаги ишлар бундан кейин ҳам жадал давом эттирилади. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев парламент палаталари қўшма мажлисида ҳамда сайловолди учрашувларида ушбу масалага аҳамият қаратиб, эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмаслик, келгусида янги марраларни забт этиш кераклигига алоҳида урғу берди.  

Хусусан, 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2 баробар кўпайтириб, 160 миллиард долларга етказиш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга ошириш асосий стратегик мақсадларимиздан бири бўлади.  

Аввало, илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш ва бу орқали меҳнат унумдорлигини 2 баробар ошириш юзасидан зарур чоралар кўрилади. Айни чоғда 2030 йилгача юқори даромадли маҳсулот учун зарур бўлган мис ишлаб чиқаришни 3,5 баробар, олтинни 1,5 карра, кумушни 3 марта, уранни 3 баробар ошириш учун бор имкониятлар ишга солинади.  

Автомобилсозлик соҳасида ҳақиқий рақобат пайдо бўлиши учун тўртта нуфузли хорижий компаниянинг лойиҳаларини ишга тушириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини йилига бир миллион донага етказиш ҳам асосий устувор вазифаларимиздан саналади. Бунда йилига 300 мингта электромобиль ишлаб чиқарилишини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилади.  

Саноатда қўшилган қиймат ҳажми 20 миллиард доллардан 45 миллиард долларга етказилиши учун барча шароитлар яратилади.  

Бутун дунёда тез ривожланаётган “яшил” иқтисодиётга ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кенгайтирилади. 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари ҳажмини 25 минг мегаваттга, улар улушини ҳозирги 14 фоиздан 40 фоизга етказишга алоҳида аҳамият берилади.  

2024 йилдан бошлаб саноатда “яшил сертификат”лар бозори яратилади. Иқтисодиётда энергия самарадорлигини икки карра ошириб, 2030 йилга бориб 50 миллиард киловатт соат “яшил энергия” ишлаб чиқариш учун зарур шароитлар яратилади. Бунда 10 минг километр магистрал ва 110 минг километр ҳудудий электр тармоқларини барпо этиш режалаштирилиб, аниқ дастурлар асосида амалга оширилади.  

 

Эркин Гадоев,  

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар  

масалалари қўмитаси раиси.  

ЎзА